Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция ортса ортганки, камаймаган

Жамият

image

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилганига қарамасдан, ушбу соҳа ҳамон коррупция ботқоғилигича бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда бугун, 5 апрель куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида айтилди, деб хабар бермоқда йиғилишда иштирок этаётган QALAMPIR.UZ мухбири.

Йиғилишда Кенгаш раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича ишлар бошланганига қарамай коррупциявий жиноятлар сони ўсган.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида сўнгги икки йилда 732 нафар шахс коррупциявий жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилган. Хусусан, агар 2020 йилда 302 нафар шахс коррупциявий жиноят содир этган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 430 нафарга етган”, дейди Норбоева.

Қайд этилишича, тизимдаги камчиликларни аҳоли фикрини ўрганиш натижаларидан ҳам кўриш мумкин. 

Масалан, “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган сўровда респондентларнинг 35 фоизидан ортиғи соғлиқни сақлаш соҳасини мамлакатда давлат ва жамият ҳаётининг коррупцияга энг кўп дучор бўлган икки соҳадан (таълим ва соғлиқни сақлаш) бири сифатида қайд этган.

Шу билан бирга, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганда 70 та ҳужжатнинг 13 тасида (19 фоизи) 41 та коррупциявий омил мавжудлиги аниқланган.

“Соғлиқни сақлаш соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича қабул қилинган “йўл харитаси”нинг ижросида ҳам сусткашликка йўл қўйилган. Унинг ижроси таҳлил қилинганда, белгиланган вазифаларнинг 44 фоизи бажарилмаганлиги аниқланди”, дейди Кенгаш раиси Танзила Норбоева.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг комплаенс, ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ва қонун ҳужжатларининг ижроси бўйича 395 та даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилган ўрганишлар давомида 59 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги молиявий хато-камчиликлар аниқланган, давлат бюджетига етказилган 9 млрд сўмлик зарар ундирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг