Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими ҳокимлик тизимига ишга қайтди
Жамият
−
09 Сентябрь 26223 2 дақиқа
Рустам Қурбонназарович Холматов Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекциясига суғориш тизимларини яхшилаш ва етказилган зарарларни қоплаш бўйича бош мутахассис вазифасига тайинланди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот учун, Рустам Холматов 1961 йилда Тошкент вилояти Оққўрғон туманида туғилган. 1987 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. У 1998-2000 йилларда Чиноз тумани ҳокими, 2000-2003 йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2003-2008 йилларда Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими, 2008-2013 йилларда Тошкент вилояти ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.
У 2016-2017 йилларда Бекобод тумани ҳокими, 2017-2018 йилларда Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2018-2019 йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида, 2020-2021 йилларда эса Тошкент вилояти ҳокими лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Рустам Холматов 2021 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Президенти фармонига мувофиқ, Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилганди. Кейинроқ у Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси лавозимига сайланди. Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 2021 йил 19 мартдаги навбатдан ташқари сессиясидан иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев Рустам Холматов ҳақида гапириб, у ўз аризаси билан ишдан кетганини айтиб ўтганди.
Live
Барчаси