Собиқ президентнинг ўғли тўрт йилга қамалди
Олам
−
16:06 1513 2 дақиқа
Бугун, 8 октябрь куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Қодирбек Атамбоевни оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш бўйича иш юзасидан мулкини мусодара қилиш билан тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу иш бўйича “Социал-демократлар” партияси раиси Темирлан Султонбеков ҳам мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Бошқа ҳукмлар ҳисобга олинган ҳолда якуний муддат етти йилни ташкил этган. Иш бўйича Жениш Абдрахмонов, Эрмек Эрматов, Қубаничбек Кодиров ва Серикбай Кубаланбек ўғли ҳам айбланувчи сифатида ўтган.
Маълумот учун, Қодирбек Атамбоев ва бошқа фигурантлар 2025 йил ноябрь ойи охирида қўлга олинган эди. Тергов талқинига кўра, улар муддатидан илгари парламент сайловларидан сўнг оммавий норозилик акцияларига тайёрланган. Қирғизистон ИИВ жами ўн киши ушланганини хабар қилган эди.
Ишни кўриб чиқиш 14 июлда бошланган ва ёпиқ режимда ўтган. Бир нечта айбланувчилар, жумладан, парламент собиқ депутати Шайлообек Атазов ва президентнинг собиқ тансоқчиси Дамир Мусакеевга нисбатан материаллар алоҳида иш юритувига ажратилган.
Маҳкумнинг отаси Алмазбек Атамбоев 2011 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаган. 2019 йил августида у Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳга қилинган ва собиқ президент тарафдорлари билан тўқнашувлар билан кечган штурмдан сўнг қўлга олинган.
2023 йилда собиқ давлат раҳбари колониядан озод қилинди ва унга даволаниш учун хорижга чиқишга рухсат берилди. 2025 йил июнида Атамбоев ер участкаларини ноқонуний олиш, ноқонуний бойлик орттириш ва Қўй-Тошдаги тартибсизликларда иштирок этиш ишлари бўйича сиртдан 11 йил-у олти ойга озодликдан маҳрум этилди. Ўша йилнинг декабрида у давлат мукофотларидан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алмазбек Атамбоевнинг Қўй-Тошдаги қароргоҳи ҳудудида қариялар уйи ва болалар уйи қурилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь