Собиқ президентнинг Қўй-Тошдаги қароргоҳи ўрнида болалар уйи қуриляпти

Олам

image

Қирғизистоннинг собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг Қўй-Тошдаги қароргоҳи ҳудудида қариялар уйи ва болалар уйи қурилмоқда. Бу ҳақда мамлакат раҳбарининг Ишлар бошқармаси хабар берди.

Идора Алмазбек Атамбоевнинг собиқ хонадонидаги қурилиш ишлари ҳақида ОАВда пайдо бўлган маълумотларга жавоб қайтарган.

“Ҳудуд мусаффо ҳавоси ва осуда муҳити бўлган хушманзара гўшада жойлашган. Бу ерда кексалар ва болаларнинг яшаши, ҳордиқ чиқариши учун қулай шароитлар яратилмоқда. Иккала объект ҳам ижтимоий эҳтиёжлар учун мўлжалланган бўлиб, қурилиш якунлангач, ўз йўналиши бўйича фойдаланилади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қурилиш ишлари муайян ижтимоий мақсадга эга. Ушбу ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича маълумотлар аввалроқ жамоатчиликка етказилган.

Маълумот учун, Алмазбек Шаршенович Атамбоев – Қирғизистоннинг тўртинчи президенти (2011–2017 йиллар) ва мамлакат замонавий сиёсий тарихидаги энг кўзга кўринган ҳамда зиддиятли арбоблардан бири. У 1956 йил 17 сентябрда Чуй вилоятининг Қой-Тош қишлоғида туғилган ва Москва бошқарув институтини муҳандис-иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. Сиёсий фаолиятини 1993 йилда Қирғизистон Социал-демократик партиясига (КСДП) асос солишдан бошлаган Атамбоев Аскар Акаев ва Қурманбек Бакиев бошқаруви даврида асосий мухолифат етакчиларидан бири сифатида майдонга чиққан ҳамда 2007 йилда ва 2010 йилги Апрель инқилобидан сўнг Бош вазир лавозимида фаолият юритган. 2011 йилги умумхалқ сайловида ғалаба қозониб президентликка сайлангач, у Ташқи сиёсатда Россия билан стратегик ва ҳарбий яқинлашув йўлини танлаган. Унинг даврида Бишкекдаги “Манас” транзит ташувлар марказидан АҚШ ҳарбий базаси чиқариб юборилган ва мамлакат 2015 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлиб кирган.

2017 йилда Атамбоев ўз муддати тугагач, ҳокимиятни конституциявий ва тинч йўл билан ўз издоши Сооронбай Жээнбековга топширган, бу эса Қирғизистон тарихида илк маротаба олий ҳокимиятнинг тинч алмашинуви бўлиб қайд этилган. Бироқ орадан кўп ўтмай Жээнбеков ва Атамбоев ўртасида кескин сиёсий низо юзага келган. Оқибатда собиқ президент коррупциявий жиноятларда айбланиб, собиқ давлат раҳбари дахлсизлигидан маҳрум этилган. 2019 йилнинг 7-8 август кунлари унинг Қўй-Тошдаги қароргоҳида ўтказилган штурм ва қонли тўқнашувлар билан кечган махсус операциядан сўнг Атамбоев ҳибсга олинган. Унга нисбатан очилган бир қатор жиноят ишлари ва узоқ муддатли суд жараёнларидан сўнг, 2023 йил февралида Қирғизистон Олий суди ишларни қайта кўриб чиқишга юборган ва у қамоқхонадан озод қилинган. Озодликка чиққач, у даволаниш учун Испанияга жўнаб кетган. Унинг давлат томонидан мусодара қилинган Қўй-Тошдаги собиқ қароргоҳи ўрнида эса қариялар ва болалар уйи қурилиши бошланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алмазбек Атамбоев барча давлат мукофотларидан маҳрум этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг