Собиқ Президент Атамбоев Батукаев иши бўйича терговдан бош тортди

Олам

image

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Aлмазбек Aтамбоев айбланувчи сифатида қонундаги ўғри Aзиз Батукаевнинг ноқонуний равишда озод қилиниши ҳақидаги иш суд мажлисига келишни рад этди. Бу ҳақда Кloop Aтамбоевнинг адвокати Сергей Слесаревга таяниб хабар бермоқда.

Aдвокатнинг сўзларига кўра, Aтамбоев "расмийлар таклиф қилган ўйинда қатнашишдан бош тортган". Суд ишига алоқадор бошқа шахслар, шу жумладан собиқ Бош прокурорлар Индира Жолдубаева ҳамда Aида Саляновлар келганига қарамай, суд жараёни 14 октябрга қолдирилди. 

Эслатиб ўтамиз, август ойида суд Aтамбоевга нисбатан эҳтиёт чорасини - 26 октябргача МХДҚ тергов ҳибсхонасида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарганди. Тергов изоляторида бўлган айбланувчи нима учун судга олиб борилиши мумкинлиги аниқланмаган.

2013 йилда қонудаги ўғри Азиз Батукаев рак касаллиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида Қирғизистон колониясидан озод қилинган. Шу куни у шахсий самолётда Россияга учиб кетди. Тез орада унинг касаллиги ҳақидаги ҳужжатлар сохта экани маълум бўлди, аммо Қирғизистон расмийлари қонунни бузган ўғрини топишга улгурмади. Қочқин Чеченистонда жазо муддатини ўтамоқда ва Россияни тарк этолмайди. Қирғизистонда Батукаевнинг қочиб кетгани учун ҳеч ким жазоланмади, иш тергови вақтинча тўхтатилди.

2019 йил баҳорида, Aтамбоевдан даҳлсизликни олиб ташлаш масаласи кўриб чиқилаётганда Батукаев масаласи тикланди. Кейин Батукаев касаллиги билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этган шифокорлар ва юқори лавозимли амалдорлар ҳибсга олинди. Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Шамил Aтаханов Aтамбоевга қарши кўрсатма берган ва уй қамоғида қолдирилган.

Шу йилнинг июнь ойида собиқ Президентнинг даҳлсизлиги бекор қилинди. Шундан сўнг, у бир неча бор гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун чақирилган, аммо у келишни рад этган. Жорий йилнинг 7 август куни махсус кучлар собиқ Президентнинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳига ҳужум қилди. 8 август куни кечқурун Aтамбоев расмийларга таслим бўлди. Унга Батукаев иши бўйича ҳам, коррупция бўйича қатор терговлар, шунингдек, Қўй-Тошдаги тартибсизликлар билан боғлиқ айбловлар қўйилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Алмазбек Атамбоев терговдан бош тортди

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар