Словакияда Фицо сиёсатига қарши намойишлар ўтказилди
Олам
−
25 Январь
1479Кеча, 24 январь куни Словакия бўйлаб бир қанча шаҳарларда Бош вазир Роберт Фицонинг сиёсатига қарши намойишлар ўтказилди. Бу ҳақда “Ta3” телеканали хабар берди.
Телеканалга кўра, митингларни “Украина учун тинчлик” фуқаролик бирлашмаси ташкил этган. Улар Фицо ҳаракатларини танқид қилмоқда. Маълумотларга кўра, Братислава кўчаларига тахминан 60 минг киши чиққан. Мамлакатдаги барча 30 дан ортиқ шаҳарларда эса жами 100 минггача одам йиғилган. Пойтахтдаги митинг 1990 йилларнинг бошидан бери энг оммавий намойиш сифатида баҳоланмоқда.
“Биз ҳукумат вакилларидан Россия билан ҳар қандай ҳамкорликдан воз кечишни сўраймиз”, дейди ташкилотчилардан бири.
Улар, шунингдек, Фицони “Словакиянинг келажаги учун” истеъфо беришга чақирган. Митинглар тинч ўтган, полиция билан тўқнашувлар бўлмаган. Братиславадаги навбатдаги намойиш 7 февралга режалаштирилган.
Намойишлардан бир кун олдин Фицо Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақириб, мамлакатда хорижлик экспертлар гуруҳи борлигини, улар ҳукуматни ағдаришга тайёрлигини айтган. Бош вазирнинг таъкидлашича, бу гуруҳ Грузиядаги тартибсизларда ҳам фаол қатнашган. Сиёсатчи мухолифат гуруҳларни намойишларни кучайтиришда ва хаос яратишга уринишда, жумладан, ҳукумат биноларини эгаллашда айблаган. “Прогрессив Словакия” бош мухолифат партияси бу айбловларни аҳмоқлик деб атаган.
“Давлат вакиллари томонидан ваҳима ва қўрқув тарқатиш қабул қилинмайди. Ҳеч қандай давлат тўнтариши таҳдиди йўқ ва буни ҳаммамиз биламиз. Буларнинг барчаси Фицога ўзининг муваффақиятсизликларини яшириш учун керак”, дейди мухолифат раҳбари Михал Шимечка.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қўшма матбуот анжуманида “Прогрессив Словакия”, “Озодлик ва бирдамлик”, “Христиан-демократлар”, “Словакия”, “Халқ учун” ва “Христиан иттифоқи” партиялари вакиллари яқин келажакда Бош вазир Роберт Фицо ҳукуматига ишончсизлик вотуми ўтказиш ниятида эканини маълум қилган эди.
LiveБарчаси