Скутер ва мопедларда қилинган ҳуқуқбузарликка маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда
Жамият
−
16 Июль
4127Бугун, 16 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан мазкур кодексга кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларини ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда. Фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ёзиб олинган ҳолат муайян қисқа вақт давомида қарор қабул қилинмаган тақдирда, ҳуқуқий оқибатини келтириб чиқармаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, кодекс автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга (яъни ҳуқуқбузарга эмас) 48 соат ичида юборилмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш тугатилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.
Тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган ушбу қонун лойиҳаси йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниши ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йўл ҳаракати қоидаларига скутер ва электросамокатлар бўйича қўшимча киритилиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси