Сизни “идора”га чақиришдими, чақирув қоғози талаб қилинг!
Жамият
−
09 Декабрь 2019
19891Яқинда бизга бир фуқаро мурожаат қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан унга қўнғироқ бўлган ва уларнинг ташкилотига тезда етиб бориши сўралган. Яшайдиган туманида содир этилган жиноят иши юзасидан уни гувоҳ сифатида сўроқ қилишган ва соатлаб ушлаб туришган. Кейин унга кетиши мумкинлигини айтишган. Фуқарога қўлдан келганча ҳуқуқларини тушунтирдик.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида сўроқ қилиш бўйича умумий қоидалар белгиланган. Бундай ҳолда сизга қўнғироқ бўлдими, албатта, улардан чақирув қоғози талаб қилинг. Чақирув қоғози почта орқали жўнатилади ёки чопар (кодексда шундай ёзилган) орқали топширилади. Чақирув телефонограмма, телеграмма, радиограмма билан ёки телефакс орқали ҳам бўлиши мумкин.
Чақирув қоғозида шахс ким сифатида (гувоҳ, гумонланувчи ёки бошқалар), қайси манзилга ва кимнинг ҳузурига чақирилаётганлиги, қайси кунда ва қайси соатга келиши кераклиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра келмай қолган тақдирда қандай оқибатлар рўй бериши кўрсатилган бўлиши лозим.
Чақирув қоғози чақирилувчига топширилиб, ундан танишганлиги тўғрисида тилхат олинади. Агар у манзилида вақтинча йўқ бўлса, чақирилувчи билан бирга яшовчи вояга етган оила аъзоларидан бирига, ётоқхона маъмуриятига, уй эгаси ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига топширилиб, тилхат олинади.
У ерга борганингизда, улар сизнинг шахсингизни, яъни чақиртирилган инсон айнан сиз ёки сиз эмаслигингизни билиш учун бир нечта шахсингизга оид саволлар бериши мумкин. Агар сиз юритилаётган иш тилини билмасангиз таржимон сўрашга ва у келгунча сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз.
Улар сизнинг шахсингизни аниқлашганидан сўнг, ишга ким сифатида чақирилган бўлсангиз қонун бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни тушунтириши керак. Бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилганлиги сўроқ баённомаси ёки суд мажлиси баённомасида қайд этилади.
Ўрганилаётган ишнинг сизга маълум бўлган ҳолатларини айтганингиздан кейин улар сизга кўрсатувларингизни тўлдириш ва аниқлаштиришга қаратилган саволлар бериши мумкин. Кутилаётган жавобга бевосита ёки билвосита йўналтириш мазмунидаги саволлар ишора қилувчи саволлар деб ҳисобланади. Ишора қилувчи саволлар бериш тақиқланади.
Сўроқ жараёнида суриштирувчи, терговчи ва суд, шунингдек суд муҳокамасида тарафлар ишга қўшиб қўйилган ёки тарафлар ихтиёрида бўлган нарсалар ва ҳужжатларни сўроқ қилинувчига кўрсатишлари, шунингдек бу ҳужжатларни ўқиб эшиттиришлари мумкин.
Сўроқ баённомасида ёки суд мажлиси баённомасида қайси нарса ёки ҳужжат кўрсатилганлиги, ҳужжат матнининг қайси қисми ва унинг ким томонидан ўқиб эшиттирилганлиги, нарса ёки ҳужжатни кўрсатиш вақтида қандай саволлар берилганлиги ва бунга жавобан сўроқ қилинувчи қандай кўрсатувлар берганлиги аниқ акс эттирилиши керак.
Сўроқ жараёнида натижаларни баённомага қайд этишдан ташқари, овозни ёзиб олиш, видеоёзув ва кинотасвирга олиш ҳам қўлланилиши мумкин. Кўрсатувлар баённомага биринчи шахс номидан, имкон борича сўзма-сўз ёзиб борилади. Савол-жавоб сўроқ жараёнида қандай олиб борилган бўлса, шундай изчилликда қайд қилинади. Суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи томонидан четлатилган, шунингдек сўроқ қилинувчи жавоб беришдан бош тортган саволлар ҳам баённомага киритилиши керак.
Сўроқ тугагач, баённома билан танишишингиз мумкин ёки илтимосингизга кўра, суриштирувчи, терговчи томонидан сизга ўқиб берилади. Сўроқ қилинувчи баённомани ўқиб бўлгач, кўрсатувлари тўғри ёзилганлиги ва у билан танишганлигини имзо чекиб, тасдиқлайди. Имзо баённоманинг охирига қўйилади, башарти кўрсатувлар бир неча саҳифага ёзилган бўлса, ҳар қайси саҳифага алоҳида имзо чекилади.
Сўроқнинг умумий давом этиш вақти бир кунда саккиз соатдан ошмаслиги лозим. Дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган бир соат танаффус бу ҳисобга кирмайди.
LiveБарчаси