“Сизлар каби мен ҳам алдандим”. Жаҳонгир Хўжаев телеўйиндан ўзи ҳам пул ололмаганини айтди
Маданият-санъат
−
29 Ноябрь 2022
44118Кеча, 28 ноябрь куни “Омадингизни берсин” телеўйини совриндорларининг ютуқлари 2 миллиард сўмга етгани, аммо 55 нафар иштирокчи бугунги кунгача ўз мукофотларини ололмаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу кўрсатувнинг 11 та сонида бошловчилик қилган Жаҳонгир Хўжаев Instagram'саҳифаси орқали видеомурожаат билан чиқди ва ўзи ҳам пулини олмаганини айтди.
“Мен сизларга ҳаммасини айтиб бераман. Қанчадан-қанча одам пулини олмагани каби мен ҳам пулимни олмаганман. Мени олдимга, шундай лойиҳа бор, деб келган Мирвоҳид ака деган одам билан биз “Real Xit” кўрсатувини қилганмиз. “Омадингизни берсин” телеўйинида “Ҳар битта кўрсатувим учун пул бераман”, деб айтган. Иккита-учта кўрсатув ўтди, лекин пул беришмади. Мен “майли, шу кўрсатув юриб олсин”, дедим. Икки-учта кўрсатувда одамларга совға берилганини ўз кўзим билан кўрганман. Кўрсатувлар суратга олинаётганида олдимга одамлар келиб, “Жаҳонгир, мен ютган кондиционерни беришмади”, деб айтишди. Мирвоҳид акани олдига бориб, “совғасини бермасак нотўғри-ку”, деб айтганман. Улар эса, “Жаҳонгир, ҳозир кечикиш бўлиб қолди, совғасини беряпмиз”, дейишди. Мен бошловчиман-ку деб пулимни олиб юраверсам бўларди. Лекин мен суриштирганман. Менга 90 кун ичида берамиз, хат қилдик дейишган”, дейди у.
Жаҳонгир Хўжаевга кўра, улар ўз ҳаққини ололмаганидан кейин иккинчи бошловчи Дилшод Назаров билан кўрсатувни тарк этган, лекин кўрсатув янги бошловчилар билан давом этаверган. Шу сабабли у кеча тарқалган хабарлар унинг номи ва сурати билан боғланаётганидан норозилигини айтган.
“Хабарларда “МАА” савдо белгиси деб айтилган лекин ҳеч қаерда Жаҳонгир Хўжаев дейилмаган. Бироқ кўпчилик мени ҳам айблаяпти, Instagram'дан хатлар келяпти. Изоҳларни ҳам кўряпман, мени фирибгар деб ёзишяпти. Иккинчи бошловчи Дилшод билан ўнта сонидан кейин кўрсатувдан кетиб бўлганмиз. Чунки менинг ҳам пулим чўзилиб кетди. Кўринглар, 10 та сонидан кейин бошқа бошловчилар чиқди [11та сонидан кейин – таҳр.] Мен билан бошловчилик қилган Дилшод ҳам пулини олмаган. Бир-биримизга қараб қолганимизда, улар қамалиб кетадиган аҳволда экан, “шу пулни олиб нима қиласан, кечиб юбор”, деганман. Лекин кўрсатувнинг 16 та сони эфирга кетган. Эҳтимол, мен бошловчилик қилган сонларимда ҳам совғалар берилмагандир. Мен бунга жавобгар бўлмайман. Мени суриштириб Прокуратурага ҳам чақиришди, мен уларга, “Фақат бошловчиман, келишувда фақат бошловчилик бор эди”, деб ёзиб берганман”, дейди у.
Жаҳонгир Хўжаевнинг таъкидлашича, “Омадингизни берсин” кўрсатувининг ижодкорлари аввал ҳам бошқа ютуқли телеўйинларни ўтказиб келган. Қолаверса бошловчи пуллар ўмарилганини ҳам очиқлаган.
“Уларнинг [телефон] рақамлари август ойидан бери ўчиқ. Майли, Аллоҳ учун кечдим шу пулдан. Сабаби булар яхши инсонлар, улар олдин сизлар билган бошқа капитал шоуларни ҳам қилишган. Билсам буларнинг битта шериги дилерлардан пулни олиб, товарни чиқармасдан, пулни “ухлатиб” қочган. Ўртада турган бу бечоралар пулсиз қолиб кетган, ўйин эфирга кетиб бўлган, чўнтакда пул бўлмагани учун ўйинни тўхтатишган. Янги бошловчилар билан гаплашганимда, “кўрсатув ёпилди, ҳозир тергов иши қўзғатилган, бечора болаларни алдашди”, деб айтишди. Улар ҳам бировни алдайман, деб кўрсатув қилмайди. Ўзларида катта муаммо бўлди, кимдир пулни “еб кетган”, деган Хўжаев.
Шунингдек, телебошловчи ўз видеомурожаати вақтида “Мирвоҳид” исмли шахс билан ёзишмалари тарихини кўрсатган. Видеода август ойида, “Мирвоҳид ака, қолган тўловлари қандай бўлади, нима бўлади? Кетгунимгача бероласизми?”, деб овозли хабар юборилгани акс этган. Аммо, жавоб тариқасида келган овозли хабар эшиттирилмаган. Қолаверса, Жаҳонгир Хўжаев сентябрь ойида, “Чиққан кўрсатувларимни ҳисоб-китоб қилиб олсак, мен янги пицца нуқтаси очяпман”, деб ёзган. Аммо унинг хати бу сафар ўқилмаган.
LiveБарчаси