Сиёсатда тасодифлар бўлмайди. Раисийнинг ўлими уюштирилганми?
Таҳлил
−
20 Май
15852Кеча, 19 май куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт ҳалокатга учради ва бугун вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлгани эълон қилинди.
Дастлаб кучли туман, ёмғир ва тоғли ҳудуд туфайли қидирув ишлари қийин кечди, бироқ якунда қутқарувчилар ёниб кетган Президент вертолётини аниқлади.
Турли оммавий ахборот воситалари ва сиёсатшунослар содир бўлган воқеанинг учта талқинини – бахтсиз ҳодиса, техник носозлик ва суиқасд версияларини тақдим қилмоқда.
Вертолёт ҳалокати қандай юз берди?
19 май куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт “қийин қўнишни” амалга оширди. Раисий Шарқий Озарбайжон вилоятига кетаётган эди. Давлат телевидениесининг аниқлик киритишича, ҳодиса Эрон пойтахти Теҳрондан 600 километр шимоли-ғарбда, Озарбайжон билан чегарада жойлашган Жўлфа шаҳри яқинида содир бўлган.
“Ушбу вертолёт Варзеган умумий ҳудудида ҳалокатга учради ва воқеа жойига Шарқий Озарбайжон, Ардабил ва Занжон вилоятларининг тезкор жавоб гуруҳлари юборилди”, деб ёзади IRNA нашри.
Раисий 19 май куни эрталаб Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан бирга икки давлат томонидан Аракс дарёсида қурилган учинчи тўғоннинг очилиш маросимида қатнашган.
Президент карвонида учта вертолёт бор эди. Улардан иккитаси манзилига етиб келган, уларда Эрон Энергетика вазири ва Йўллар ва шаҳарсозлик вазири бўлган.
Учинчисида эса Президент билан бирга Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва бошқа бир қанча расмийлар ҳам бўлган.
Суиқасдми ёки бахтсиз ҳодиса?
Эрон Президенти вафот этганидан сўнг мамлакатни биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер бошқариши маълум қилинди.
Конституцияга кўра, давлат раҳбарининг янги сайлови 50 кун ичида ташкил этилади.
Ҳозирча содир бўлган воқеаларнинг учта версияси устунлик қилмоқда: об-ҳаво шароитининг таъсири, вертолётнинг техник носозлиги ва суиқасд.
“Менинг маълумотларимга кўра, Эрон махсус хизматлари мамлакат Президенти Раисийга суиқасд уюштириш эҳтимолини жиддий кўриб чиқмоқда”, дейди халқаро журналист Аббос Жума.
“The New York Times” нашрига кўра, вертолёт ҳалокати “халқаро муносабатларнинг нозик бир палласида” АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида Яқин Шарқдаги йирик можаро хавфини камайтириш бўйича билвосита музокаралардан бир неча кун ўтиб содир бўлди.
Шунингдек, нашр журналистлари Оқ уй матбуот котиби Жейк Салливаннинг ўтган ҳафта “Эрон ва унинг ишончли вакиллари Исроилга, минтақавий барқарорликка ва Америка манфаатларига таҳдид солаётгани яққол кўриниб турибди”, деган сўзларини эслашади.
“Агар ҳалокат Эрон Президентига қилинган ҳужум натижаси бўлса, мен ҳайрон бўлмайман. Раисийнинг душманлари кўп", дейди Россия Давлат Думаси депутати ва журналист Евгений Попов.
Сиёсатшунос Сергей Марков ҳам худди шундай фикрни билдиради.
“Эрон Президенти Россиянинг Ми-171 вертолётида парвоз қилган (кейинроқ маълум бўлишича, Эрон Президенти Американинг Bell 212 вертолётида учган). Бу дунёдаги энг ишончли вертолётлардан бири. Техник авария эҳтимоли деярли чиқариб ташланади. Бахтсиз ҳодисанинг асосий талқини ёмон об-ҳаво шароити. Иккинчи версия – теракт. Бу Исроил ёки радикал сунний гуруҳлар бўлиши мумкин”, дейди Марков.
Аммо сиёсатшунос Борис Межуевнинг фикрига кўра, ушбу ҳалокатда Исроилнинг “қўли йўқ”.
“Раисийга келсак, техник ҳалокат бўлиши мумкин. Исроилни айблаётганларнинг мантиғи аниқ. Эрон Раисийнинг ўлимига жавобан зарба беради, Яқин Шарқда катта уруш бошланади, бунга АҚШ ҳам аралашади. Албатта, биринчи навбатда, барча мумкин бўлган ядровий объектларга ҳужумлар амалга оширилади. Лекин бу жуда хавфли қарор”, деб ёзади у “Русская Идея” каналида.
Теҳрон университетининг Америкашунослик кафедраси доценти Фоад Изади ҳам ҳалокатга нима сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр юритар экан, ёмон об-ҳаво шароити, техник носозликлар ва саботаж ҳаракатини алоҳида таъкидлади.
“Бу об-ҳаво бўлиши мумкин. Кеча ўша минтақада об-ҳаво жуда ёмон эди, бу вертолётнинг носозлиги ёки саботаж бўлиши мумкин. Агар саботаж бўлса, бу халқаро миқёсда жиддий оқибатларга олиб келади. Президент Раисий Фаластин масаласини қўллаб-қувватлагани, Америка империализмига қарши чиққани туфайли Эрондан ташқарида ҳам кўпчиликка ёқди. Шунинг учун у Эрондан ташқаридаги кўп одамлар томонидан эслаб қолинади, деб ўйлайман", дейди Изадий.
“Сиёсатда тасодифлар тасодифан бўлмайди”
Сиёсатшунос Суҳроб Бўроновнинг ёзишича, сиёсатда тасодифлар тасодифан бўлмайди.
“Фикри ожизимизча, балки бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлгандир:
1. Иброҳим Раисийнинг “ҳалокати” Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашгандан сўнг содир бўлди. Маълумки, сўнгги пайтларда Эрон ва Озарбайжон муносабатлари жуда таранглашган эди. Қисқароқ қилиб айтганда, Раисий ва Алиевнинг учрашуви Исроилга ва ҳаттоки Эроннинг "чуқур давлати"га ҳам хуш келмас эди.
2. Иброҳим Раисий, Эрон Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳиён ҳамда Эрон Президенти Хавфсизлик хизмати раҳбари Мусавийнинг вертолётда мавжудлигини тасдиқлайдиган бир нечта видеоларнинг айрим Эрон ОАВи орқали тарқатилиши катта эҳтимол билан ички ва ташқи жамоатчиликни бунга ишонтиришга қаратилган эди.
3. Вертолётнинг ёниб кетиши ва жасадларни тасдиқлашнинг имкони бўлмаслиги ҳақидаги эҳтимоллар ҳам турли гумонларни вужудга келтиради", дейди сиёсатшунос.
Раисийнинг ўлимига Ўзбекистоннинг реакцияси
Қайд этиш керак, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида алоқалар анча яхшиланиб, фаоллик ошган. 2021 йилда Президент бўлган Раисий 2022 йилнинг 14 сентябрь куни илк бор Ўзбекистонга келган. Ушбу ташриф Эрон етакчиларининг сўнгги 20 йилдаги Ўзбекистонга илк ташрифи ҳам эди. Ўшанда икки давлат ўртасида савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда ҳужжатлар имзоланган.
Бундан ташқари, Иброҳим Раисий 2023 йилнинг 9 ноябрь куни рафиқаси Жамила Аламолхода ҳамроҳлигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XVI саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келганди.
Раисийнинг вертолёти ҳалокатга учрагани эълон қилинганда бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам биринчилардан бўлиб Эронга ёрдам кўрсатилишига тўлиқ тайёрлигини билдирди.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вертолёт йўловчилари, жумладан Эроннинг юқори мартабали вакиллари тақдири ҳақидаги маълумотларни диққат билан кузатиб бормоқда. Барча йўловчилар тез орада соғ-саломат топилишига умид қиламиз. Ўзбекистон томони зарурат бўлиши билан эронлик дўстларимизга барча ёрдам кўрсатилишига тўлиқ тайёрлигини билдиради”, дейилади ТИВ баёнотида.
Раисийнинг ўлими тасдиқланганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакат Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга ҳамдардлик билдирди.
“Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқларимиз қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланади", дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.
Хулоса қилиб айтганда, баъзилар Раисийнинг ўлимига Америка сабабчилигини айтса, бошқалар бу мамлакат ичидаги кучларнинг иши эканини тахмин қилмоқда. Яна бир версияга кўра, Президентнинг ўлими Эроннинг Исроилга охирги ойлардаги ҳужумига жавобан уюштирилган. Қизиғи, уларнинг орасида Раисийнинг ўлимига ростдан ҳам, ёмон об-ҳаво шароити сабаб бўлганига ишонадиганлар ҳам бор.
LiveБарчаси