Сиси Яқин Шарқда янги фронтлар очилишидан огоҳлантирди

Олам

image

Яқин Шарқда кучайиб бораётган зиддият оқибатида бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтлар пайдо бўлиши мумкин. Бу огоҳлантиришни Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Қоҳирада Греция Ташқи ишлар вазири Георгиос Герапетритисни қабул қилганида айтиб ўтди.

"Минтақадаги ҳарбий кучайиш бир неча фронтда кечиши мумкин", деб иқтибос келтиради Миср раҳбарининг расмий вакили Аҳмад Фаҳми ўзининг Facebook саҳифасида.

Бундай сценарийнинг олдини олиш учун ас-Сиси Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва “гуманитар инқироз оқибатларини юмшатиш учун” анклавга инсонпарварлик ёрдами етказишга чақирган. 

“Миср Ғазога гуманитар юкларни етказиб бериш ва минтақадаги кескинликни камайтириш учун барча саъй-ҳаракатларни давом эттиради", дея қўшимча қилган Президент.

Қайд этиш жоизки, Ғазода Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан бери бутун минтақада вазият кескинлашган. Бир томонда, Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужум қилаётган бўлса, бошқа томонда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарата тез-тез ҳаводан зарба бермоқда. Бундан ташқари, Ироқ ва Суриядаги АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг ҳарбий базаларига Эронга алоқадор деб айтиладиган гуруҳлар ҳужум қилмоқда. Сўнгги кунларда вазият янада жиддийлашди. АҚШ Яман ҳудудига, Эрон эса Сурия, Ироқ ва Покистон ҳудудига зарба берди.

Маълумот учун, Греция Ташқи ишлар вазири Георгиос Герапетритис бугун, 17 январь куни Мисрга келди. Бунгача у Иорданияда қироли Абдулла II, шунингдек, иорданиялик мавқедоши Айман ас-Сафадий билан учрашган эди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Гаагадаги Халқаро суднинг йиғилишида Мисрни Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами келишига тўсқинлик қилишда айблади. Расмий Қоҳира ўзига қарши айбловларни ёлғон деб атади


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Яқин Шарқ Исроил ҲАМАС Абдулфаттоҳ ас-Сиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг