Сирдарёда савдогар аёлга тегажоғлик қилган эркак 5 суткага қамалди

Олам

−

image

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида йўл бўйида савдо қилаётган аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган эркакка нисбатан суд қарори чиқарилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Иш ҳужжатларига кўра, ҳодиса М39 автомобиль йўли бўйида содир бўлган. Маст ҳолатда бўлган эркак сотувчи аёлнинг олдига бориб, унга пул эвазига жинсий алоқа қилишни таклиф этган ва шаҳвоний шилқимлик қилган.

Аёл ушбу ҳолатдан норози бўлиб, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Ҳолат ИИБ ходимлари томонидан ўрганилиб, эркакка нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган ва иш судга юборилган.

Суд мажлисида эркак ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. У қилмишини маст ҳолатда содир этганини айтиб, енгиллик беришни сўраган. Жабрланувчи эса унга нисбатан қонун доирасида қатъий чора кўрилишини талаб қилган.

“Қаттиқ чора кўринг. Бунақалар келиб, шу нарсани қилаверадими? Ўғилларим бундан катта ёшда… Энг асосийси, масала катталашиб кетмасин деб, ўзим ҳал қилдим ва орган ходимларига топширдим”, дейди жабрланувчи аёл судда.

Суд аниқланган ҳолатлар ва жабрланувчининг талабларини инобатга олиб, эркакка Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Шунингдек, жабрланувчи аёлга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Эслатиб утамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида техникум мастери 16 яшар қизга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маржона Маманиёзова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг