Сирдарёда пора олган адвокат қўлга тушди
3-саҳифа
−
29 Октябрь 4734 1 дақиқа
Сирдарё вилоятида адвокат жиноят ишини гумонланувчи фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига ундан 5500 доллар талаб қилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сирдарё туманидаги адвокатлик бюроси адвокати ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳозирда Ховос туманидаги 8-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган фуқарони Сирдарё туман ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига ўтказиш ҳамда кейинчалик жиноят ишини судда унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 5500 доллар талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда адвокат 4500 доллар ва 6 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, адвокат жиноят ишига гумонланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида пора сўраган мансабдорлар ҳамда адвокатлар қўлга олинганди.
Live
Барчаси