Сирдарёда ноқонуний бургут сақлаган шахс жазоланди

3-саҳифа

image

Сирдарё вилоятида Қизил китобга киритилган бургут ноқонуний тарзда сақлаб келинаётгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бошқармаси ҳамда туман Ички ишлар бўлими томонидан келиб тушган мурожаат асосида ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш давомида Боёвут туманида фуқаро Й.А. томонидан йиртқич қуш – Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бургут ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 92-моддаси (Ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари – 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.

“Бургут тиббий кўрикдан ўтказилганидан сўнг табиат бағрига қўйиб юборилади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, бургут табиий жиҳатдан кам учрайдиган, доимий яшовчи ва маҳаллий тарқалган қушлар турига киради. У ҳар доим кам сонли бўлган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда тахминан 200 жуфт бургут яшайди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги 736-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга айрим ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш тақиқланади. Шунингдек, ушбу ҳайвонлардан давлат ва кўчма циркларда (чодирларда) томошалар учун фойдаланиш ҳам ман этилади.

Қарорга биноан, тақиқланган ҳайвонлар фақатгина Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг тегишли рухсатномасига эга юридик шахслар томонидан ҳайвонот боғлари, питомниклар (террариум, океанариум ва бошқалар)да сақланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Ромитан туманида жойлашган Қоқиштувон маҳалласида яшовчи фуқаро ўз хонадонида ёввойи шер боласини ноқонуний равишда сақлаб келаётгани аниқланганди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 92-1-моддаси 1-қисми асосида ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш суд органларига юборилган. Шер боласи эса вақтинчалик ҳайвонот боғига жойлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё бургут

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг