Президент Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишди

Жамият

image

Бугун, 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюриб, Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишди.

“Мирзачўл тажрибаси” асосида Ховос шаҳарчасининг янги маркази бунёд этилиши режалаштирилган. М-39 автомобиль йўли бўйидаги 42 гектар ҳудудда комплекс қурилиш ишлари лойиҳалаштирилган. Унга мувофиқ, бу ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилади. Йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транспортлар учун қулайликлар яратилади.

Ховосда охирги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда яшаб келган. Энди ҳар йили янги кўп қаватли уйлар барпо этилиб, аҳолининг ижтимоий шароитлари босқичма-босқич яхшиланиб боради. 

Шу мақсадга хизмат қиладиган яна бир хайрли ташаббус: “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан Сирдарё вилоятида 32 та тикувчилик мажмуалари ташкил этиш режалаштирилган. Бу цехлар асосан кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга мўлжалланган бўлиб, жами 4 минг 200 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Президент шу ерда ховослик нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар билан суҳбатлашди.

Мамлакатда катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, давлат билан бирга одамлар ҳам уйғониши, фаровон яшашга интилиши кераклиги таъкидланди. Ховосликлар вилоят ривожи, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган янги режалардан хурсанд эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ховос тумани

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг