Синфларда ўқувчиларни 24 нафардан қолдиришга қўшимча 9 трлн сўм кетади — Шерматов
Жамият
−
22 Май 2021
7909“Тошкент беш ташаббус ҳаракати”нинг иккинчи куни доирасида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Вазир учрашув аввалида савол-жавоблар расмиятчиликлардан холи ўтиши тарафдори эканини таъкидлаб, ҳар қандай саволга жавоб беришга, таклифлар бўлса эшитишга тайёрлигини билдирди.
QALAMPIR.UZ мухбирининг хабар беришича, учрашув давомида мактабларда физика, математика дарсларида синфни иккига бўлиб ўтиш, шунингдек, муваффаққиятга эришган мутахассислардан мастер класс ташкил этиш таклифи берилди.
“Мен чиндан ҳам бунга қарши эмасман, лекин бу нарсалар ҳаммаси маблағга боғлиқ. Масалан, менга, синфларда 35 та эмас, 24 та ўқувчи бўлсин дейишади. Қанийди, қўлимдан келса! Элементар ҳисоблаб кўрсак, биргина шу ишни амалга оширишнинг ўзига бир ўқув йили учун қўшимча 9 трлн сўм керак бўлар экан. Физика ва математикани бўлиб ўқитишга ҳам камида 5-6 трлн сўм кетади, менимча. Бюджет чеклангани учун ҳаммасини бирданига амалга ошириш имконсиз”, дейди вазир.
Шерматовнинг таъкидлашича, муваффақиятга эришган мутахассислар билан очиқ мулоқоти масаласига ҳеч қандай чеклов йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шерзод Шерматов тошкентликларнинг кўпи эркин бўлиб кетгани, ўқимай қўйганини айтганди.