Синдзо Абэ истеъфосини эълон қилгандан кейин илк бор шифокорлар кўригидан ўтди
Олам
−
12 Сентябрь 2020
4856Япония Бош вазири Синдзо Абэ бугун, 12 сентябрь куни Токионинг марказий ҳудудларидан биридаги шифохонага ташриф буюрди. Ҳукумат раҳбари соғлиғи ёмонлашгани сабаб лавозимидан кетиш ниятида бўлганидан бери биринчи марта тиббий кўрикдан ўтмоқда.
Таъкидланишича, Япония Бош вазири ушбу тиббиёт муассасасига охирги бор 17 ва 24 август кунлари ташриф буюрган.
Ҳукумат раҳбари 28 август куни соғлиғи ёмонлашгани сабаб лавозимидан кетиш ниятидалигини билдирганди. Ўшандан буён у биринчи бор тиббий кўрикдан ўтмоқда.
Истеъфога чиқиш истагини эълон қилгандан сўнг, Абэ Либерал Демократик Партия (ЛДП) ва Комэйто партиясининг ҳукмрон коалициясига вақтинчалик Бош вазир тайинламаслигини, аммо ЛДП унинг ўрнига янги номзодни тақдим қилгунга қадар ўз лавозимида қолишни режалаштирганини маълум қилди. ЛДП раисини сайлаш 14 сентябрда бўлиб ўтади ва 16 сентябрда парламент фавқулодда йиғилиш ўтказади ва унда янги Бош вазирни тасдиқлайди.
Абэ 2000 йилларнинг бошидан Япония Либерал-демократик партияси раҳбариятининг аъзоси сифатида майдонга чиқди. 2006 йил сентябрдан 2007 йил сентябргача партиянинг сайловлардаги муваффақиятидан сўнг Ҳукуматни бошқарган ва 52 ёшида Япония тарихидаги энг ёш Бош вазир бўлган. Бироқ, Вазирлар Маҳкамаси обрўсининг тез пасайиши фонида Абэ тайинланганидан бир йил ўтиб, 2007 йилда истеъфога чиққан. Ўшанда ҳам унинг истеъфоси саломатлиги ёмонлашиши билан боғланган.
2012 йилда Абэ Либерал-демократик партиянинг этакчисига айланди ва яна сайловларда ғолиб бўлди. Унинг саккиз йиллик Бош вазирлиги Япония учун рекорд даражадаги даврдир.
Абэнинг истеъфога чиқиши нафақат соғлиқ муаммолари билан, балки унинг Ҳукумати рейтинги кескин пасайиши билан ҳам боғланмоқда. Жорий йилнинг 23 август куни “Kyodo” ахборот агентлиги томонидан ўтказилган сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, унинг Ҳукуматини маъқуллаш даражаси 36% гача тушган. Бу Абэнинг иккинчи муддатда Ҳукумат бошқарувини эгаллаганидан баён энг паст кўрсаткич.Респондентларнинг 58,4%и Ҳукуматнинг пандемия билан боғлиқ ҳаракатларидан норози эканини билдирган. 70,8% Абэ эпидемияни олдини олиш чораларини муҳокама қилиш учун мухолифат партиялари талабига биноан парламентнинг фавқулодда сессиясини имкон қадар тезроқ чақириши керак деб ҳисоблаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь