Саида Мирзиёева аммаси Президент Мирзиёевни она ўрнида она бўлиб катта қилганини айтди
Жамият
−
26 Февраль 2020
25611Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева оммавий тадбирда отаси ва аммасининг болалиги ҳақида гапирди.
“Менинг аммам борлар, дадамнинг опалари. Уларни жудаям яхши кўраман. Мени опичлаб катта қилганлар. Бувим вафот этганларида дадам 9, опалари 12 ёш бўлганлар. Мана шу 12 ёшли қизалоқ она ўрнида дадамни вояга етказган. Ўқишга кириб, Самарқандга кетган пайтлари ҳам стипендияни ўзларига ишлатмай, укалари, яъни дадам билан баҳам кўрганлар. Ўзлари ёшгина бўлиб, онасиз қолган укага ғамхўрлик қилиш улар учун табиий ҳол эди. Мен қаҳрамонлик кўрсатяпман деган гап, аммажонимнинг хаёлига ҳам келмаган”, дейди Мирзиёева.
Маълумки, Саида Мирзиёева 2019 йилнинг биринчи чорагидан кейин омма эътиборига тушди. 2019 йилнинг 12 апрель куни Ахборот ва оммавий коммунициялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида иш бошлаган Мирзиёева жорий йилнинг 29 январь куни ўз хоҳиши билан бу лавозимни тарк этди ва нодавлат ташкилотда иш бошлади. Саида Мирзиёева айни вақтда Гендер теглиги бўйича комиссиянинг аъзоси ҳам саналади. У яқинда БААнинг Дубай шаҳрида ўтган халқаро форумда иштирок этиб қайтди. Ушбу форумдаги чиқиши ҳақида Мирзиёева шундай дейди:
“Очиғини айтсам, аммажоним билан муносабатларимиз ажойиб. Бир-биримизга муҳаббатимиз чексиз. Ҳар бир чиқишим бўлса ёки бирор жойда муваффақиятга эришсам, албатта, телефон қиладилар ёки SMS ёзиб қўядилар: “Болажоним, баракалла. Мен сен билан ғурурланаман. Мен ҳар доим ёнингдаман”, деб.
Куни кеча Дубайга форумга бордик. Глобал аёллар форумида иштирок этганимда, нутқ сўзладим. Форумдан кейин телефон бўлмади. Ҳайронман, телефоним нега жим. Аммам кўрмадиларми ёки кўрмай қолдиларми, мазалари йўқми, деб хавотирга тушиб қолдим. Йўқ, билсам телефонлари бузилиб қолибди. 65 ёш бўлсалар ҳам ҳар доим, албатта, телефон қилиб ёки ёзиб қўядилар. Ҳар куни гаплашиб турамиз”.
Мирзиёева сўзи давомида бувига ҳам тўхталган. У биринчи хоним Зироат Мирзиёеванинг онаси ҳақида сўз очиб, бувиси 76 ёшда бўлса ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қўшимча қилади.
“Бувим 76 ёшдалар. “Репост” ҳам қилишни биладилар, матн ҳам ёзадилар, бирор жойида хато бўлиб қолса, таҳрир ҳам қилиб қўядилар”, дейди Президентнинг тўнғич қизи.
LiveБарчаси