Си Цзиньпин уйғурлар геноциди бошланганидан бери биринчи марта Шинжонга борди
Олам
−
15 Июль 2022
15187Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин жорий йилнинг 12-13 июль кунлари Шинжон-Уйғур мухтор вилоятининг Урумчи шаҳрига сафар қилди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди. Сиёсатчи минтақага 2014 йилда, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати мамлакат шимоли-ғарбида уйғурлар ва қозоқларга нисбатан “геноцид” сиёсатини бошлаганидан бери илк бор ташриф буюрди.
“Си Цзиньпин ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, этник бирлик ва тараққиётга кўмаклашиш, Хитой халқининг ҳамжамият туйғусини мустаҳкамлаш каби соҳалардаги ишлар билан танишди”, дейилади агентлик материалида ХХР раисининг сафари ҳақида.
Қайд этиш керакки, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мажбурий ассимиляция ва Шинжон аҳолисини қайта тарбиялаш лагерларига юбориш муаммоси Хитойнинг Ғарб давлатлари билан муносабатларини кескинлаштирган энг жиддий омиллардан биридир. Май ойида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитой БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарининг минтақадаги вазиятни баҳолашга уринишларига тўсқинлик қилаётганини ва уйғурларга қарши геноцидни давом эттираётганини айтган эди. Дипломатга кўра, Шинжонда 1 миллиондан ортиқ одам ноқонуний ҳибсда сақланмоқда.
“Коммерсант”нинг ёзишича, 24 май куни хакерлар ҳужуми натижасида шимоли-ғарбий минтақа полициясининг архиви оммага эълон қилинди. Ҳужжатда Шинжондаги лагерларда маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатни акс эттирувчи ўн минглаб фотосуратлар ва видеолар мавжуд. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Венг Венбин нашр этилган архивни Хитойни обрўсизлантиришга уриниш деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь