Си Цзиньпин Россияга боряптими?

Олам

image

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Си Цзиньпиннинг жорий йил 21 мартда  Россияга бораётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламади. Бу ҳақда бугун, 8 март куни Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мао Нинг маълум қилди.

“Хитой ва Россия барча даражаларда яқин алоқаларни ўрнатмоқда, аммо биз сиз сўраган ташриф ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз”, деган Мао Нинг журналистларнинг саволига жавоб бериб. 

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқларда Россия етакчиси Владимир Путин ва Си Цзиньпиннинг Россияда учрашуви 21 мартга белгилангани ҳақидаги турли гаплар тарқалди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Кремль бу ҳақда ҳеч нарса дея олмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, хорижий меҳмонларнинг Россияга барча ташрифлари ўз вақтида эълон қилинади.

Маълумот учун, давлат раҳбарларининг сўнгги юзма-юз учрашуви 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган. 2022 йил декабрь ойи охирида Си Цзиньпин билан видеоконференция орқали музокаралар чоғида Путин уни 2023 йил баҳорида Москвага келишини таклиф қилган. Жорий йилнинг февралида эса Россия раҳбари Кремлда Хитой Коммунистик партияси (ХКП) Марказий Қўмитасининг ташқи ишлар бўйича комиссияси раҳбари, ХКП Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси Ван Ини қабул қилган. Путин ушбу ташриф Москва ва Пекин ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қўшимча туртки беришига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Ғарб билан муносабатлари сўнгги пайтларда Россия билан яқин алоқалари фонида ёмонлашган эди. Хусусан АҚШ ва НАТО Пекин Москвага ҳарбий ёрдам юборишни кўриб чиқаётгани, агар бу амалга ошса Хитойга санкциялар жорий қилинишини билдирган эди. АҚШ Президенти Жо Байден Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашганда ҳам, Франция раҳбари Эмануэль Макрон билан телефон орқали гаплашганда ҳам иттифоқчиларини Хитойга қарши туришга чақирган эди. Расмий Пекин эса Россия-Украина урушида ҳеч қайси томонга ёрдам бермаганини, Украинага ўлим қуролларини жойлаштиргани учун АҚШнинг ўзи изоҳ бериши кералигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг