Си Цзиньпин Парижда Макрон билан учрашди
Олам
−
06 Май
4405Парижда Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.
"Хитой ва Европа Иттифоқи стратегик консенсусга эришиши, стратегик ҳамкорликни ривожлантириши, Хитой ва Европа Иттифоқи муносабатларининг соғлом ва барқарор ривожланишига кўмаклашиши, дунё тинчлиги ва тараққиётига доимий равишда янги ҳисса қўшиши керак", деди Хитой раҳбари.
Си Цзиньпиннинг айтишича, Хитой Европа билан муносабатларга доимо стратегик ва узоқ муддатли истиқбол нуқтаи назаридан қараган. У Пекин ва Париж ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб боришига умид билдирди.
BFMTV хабарига кўра, Эммануэль Макрон учрашувда Европа ва Хитой ўртасидаги мулоқот дунёдаги вазият туфайли "ҳар доимгидан ҳам зарур" эканини айтган. У Украина ва Яқин Шарқдаги можаролар масаласида Пекин билан мувофиқлаштиришни ҳал қилувчи омил деб атади.
Ўз навбатида, Урсула фон дер Ляйен жаҳон бозоридаги вазиятга эътибор қаратди. У Хитой билан муносабатларни айни пайтда энг мураккаб ва муҳимларидан бири деб атади.
“Бозорга киришдаги жорий номутаносиблик барқарор эмас ва уни бартараф этиш керак... Европа индустриализацияга олиб келиши мумкин бўлган бозорни бузувчи амалиётларни қабул қила олмайди”, дейди Еврокомиссия раҳбари.
“Bloomberg”нинг ёзишича, Франция Президенти Хитой Халқ Республикаси раҳбари билан муносабатларни мустаҳкамлаш ниятида, шу мақсадда уни Елисей саройи ва Пиреней тоғларида кечки овқатга таклиф қилишни режалаштирмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, Эммануел Макрон Си Цзиньпин билан Украинадаги можаро ва электромобил аккумуляторлари секторини Франция бозорига жалб этиш масалаларини муҳокама қилмоқчи. Си Европага ташрифи давомида Сербия ва Венгрияга ҳам ташриф буюради.
LiveБарчаси