Си Цзиньпин Орбан билан учрашди

Олам

image

Хитой раҳбари Си Цзиньпин бугун, 8 июль куни эрталаб Пекиндаги Дяоюйтай давлат қароргоҳида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.

Си Цзиньпин Орбан билан учрашуви чоғида Хитой ва Венгрия Украина инқирозини ҳал қилишда умумий тамойилларга эга эканини айтиб ўтди.

“Хитой ва Венгриянинг Украина бўйича асосий позициялари ва саъй-ҳаракатлари йўналишлари бир-бирига мос келади, Хитой Венгрия ва барча манфаатдор томонлар билан алоқаларни давом эттиришга тайёр”, дейди Си Цзиньпин.

Музокаралар чоғида Хитой раҳбари “Орбаннинг Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган”.

Орбан эса Венгрия Хитойнинг Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлашини билдирган. 

“Венгрияликлар тинчликсевар халқ, шунинг учун биз уруш эмас, тинчлик тарафидамиз”, деган Бош вазир. 

Орбан Украина ҳудудидаги ҳарбий можаро 2,5 йилдан бери давом этаётганини ва шу вақт давомида “Венгрия уруш соясида яшаётганини” эслатди. 

“Шунинг учун Хитойнинг Венгрия қўшнисидаги можарога нисбатан дунёни тинчликка чақириши биз учун жуда муҳим”, деди Орбан Си Цзиньпинга мурожаат қилиб.

Маълумот учун, 5 июль куни Орбан Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан Украинадаги можарони ҳал қилишнинг мумкин бўлган йўллари ва тинчлик музокараларини бошлаш шартларини муҳокама қилди. 2 июль куни у Киевда бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский билан гаплашганди. Венгрия ҳукумати Хитойнинг 2023 йил 24 февралда илгари сурилган 12 банддан иборат тинчлик режасини қўллаб-қувватлашини бир неча бор айтган. Унинг асосий қоидалари ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини қайта бошлаш эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Си Цзиньпин Орбан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг