Си Цзиньпин океанлараро темирйўл қуришни таклиф қилди
Олам
−
20 Ноябрь
5570Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Тинч ва Атлантика океанлари ўртасида темирйўл барпо этиш лойиҳасида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқмоқчи. Бу ҳақда у билан учрашувдан сўнг Боливия Президенти Луис Арсе маълум қилди.
“Шунингдек, у Перунинг Чанкай мегапортидан бошланиб, Боливия ва Бразилия каби BRICS ҳамкор давлатлари ҳудуди орқали ўтувчи Тинч ва Атлантика океанларини боғлайдиган океанлараро темирйўл қуриш имкониятини кўриб чиқишдан манфаатдорлигини билдирди”, деди у.
Боливия етакчисининг сўзларига кўра, Хитой раҳбари Бразилияга ташрифи чоғида у билан учрашувда литий ва қазиб олиш саноатида қўшма лойиҳаларга ҳам қизиқиш билдирган.
Маълумот учун, жорий йил 14 ноябрь куни Си Цзиньпин ва Перу Президенти Дина Болуарте Чанкай порти фаолиятининг расмий очилишида иштирок этган. Бу порт Жанубий Америкадан Хитойга юк етказиш йўлини 10 кунга қисқартириш имконини беради. Лойиҳада Хитойнинг COSCO Shipping логистика компаниясининг улуши 60 фоизни ташкил қилади. Умумий инвестициялар тахминан 3,4 миллиард долларга тенг.