Си Цзиньпин меҳмонлари учун қуюқ зиёфат берди (видео)
Олам
−
01 Сентябрь 15727 2 дақиқа
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин кеча, 31 август куни рафиқаси Пэн Лиюань билан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити иштирокчилари учун Тяньцзинда зиёфат уюштирди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, зиёфат олдидан Си Цзиньпин рафиқаси билан “Мэйцзян” конгресс марказида Хитойга келган хорижий давлат раҳбарларини самимий қутлаган. Улар қўл бериб саломлашган ва биргаликда суратга тушган.
Шундан сўнг меҳмонлар учун зиёфат ва концерт ташкиллаштирилган. Байрамона дастурхонда давлат раҳбарларига кенг турдаги таомлар ва ичимликлар таклиф этилди. Меҳмонларга саккиз деликатесли шўрва, соя соусида омар, қўзиқоринли бифштекс, денгиз нўхати билан таомлар, шунингдек, нилуфар пиёзи ва нўхат новдалари билан таомлар тортилган.

Асосий таомга машҳур буғда пиширилган “Гоубули“ гўштли булочкалари ва “Игна қулоғи” ғайриоддий номли қовурилган таом киритилган. Ширинлик учун тирамису, сархил мевалар ва музқаймоқ таклиф қилинди.
Ичимликларга келсак, меҳмонларга кофе, чой, шунингдек, Тяньцзиндаги 2024 йил ҳосилидан олинган “Династия” брендининг қизил ва оқ қуруқ шароблари таклиф қилинди.
Тадбирларда Хитой Раиси Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин, Беларусдан Александр Лукашенко, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тщқаев, Қирғиз Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух, Миср, Камбоджа, Непал, Арманистон ҳукуматлари раҳбарлари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам қатнашди.
Маълумот учун, ШҲТ саммити 31 августдан 1 сентябргача Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Саммит якунида ҳамкорлик бўйича 15 та янги ҳужжат имзоланди. ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб у олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган бўлса, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда Беларусь ташкилотга аъзо бўлди.
Live
Барчаси