Си Цзиньпин Компартияда ярим асрдаги энг катта “тозалаш”ни амалга оширди

Олам

−

image

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мамлакатда кўлами бўйича “тозалаш” даражаси Мао Цзэдун даврига тенглашадиган ва Хитойнинг иқтисодий барқарорлигига таҳдид соладиган кенг кўламли коррупцияга қарши кампания ўтказмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Хитой молия бозорининг собиқ регулятори Фань Синьхай билан боғлиқ ҳодиса энг яққол мисоллардан бири бўлади. Жорий йилнинг июль ойида у Пекин университетидаги семинарда чиқиш қилиши керак бўлган, аммо кутилмаганда у бундай қилмаган. Кейинчалик “Синьхуа” амалдорнинг партия интизоми ва қонунчиликни жиддий бузганликда гумонланиб, тергов остида эканини хабар қилган.

Нашрнинг ёзишича, келаси йили бўлиб ўтадиган Компартия съезди олдидан тозалаш кампанияси Хитой элитасининг тобора кенгроқ доираларини қамраб олмоқда. Ушбу съездда Си Цзиньпин партия етакчиси лавозимида тўртинчи беш йиллик муддатни олиши кутилмоқда.

Кампания кўламини ХКП Марказий Комитетининг яқинда бўлиб ўтган бешинчи пленуми намойиш этган. Унинг аъзоларининг тахминан чорак қисми, асосан, кадрлар тозаланиши сабабли қатнашмаган. Замонавий Хитой тарихида Мао Цзэдуннинг “Маданий инқилоби” давридан бери бунга ўхшаш нарса кузатилмаган.

Клермонт-Маккенна коллежи профессори Миньсинь Пэйнинг ҳисоб-китобларига кўра, Си Цзиньпин бошқаруви даврида Компартиянинг 7,2 миллионга яқин аъзоси турли сиёсий, маъмурий ёки суд жазоларига тортилган. Улар орасида камида 632 нафар юқори мартабали амалдор бор. Сининг 2023 йилда бошланган учинчи муддатида жазоланган амалдорларнинг ўртача сони йилига 800 мингдан ошган. Умуман олганда, ушбу давр мобайнида камида 628 нафар хитойлик партия функционери бевосита жиноий жавобгарликка тортилди ва, эҳтимол, реал қамоқ жазосини олган.

Шу билан бирга, ушбу сиёсатнинг самарадорлиги мунозарали бўлиб қолмоқда. “Transparency International” маълумотларига кўра, Хитойда коррупцияни қабул қилиш индекси 2012 йилдан бери бор-йўғи 39 дан 43 баллгача яхшиланган.

Тозалашларнинг давлат аппарати ишига таъсири мутахассисларда хавотир уйғотмоқда. Амалдорлар коррупция ёки содиқ эмасликда айбланишдан қўрқиб, мустақил қарорлар қабул қилишдан ва таваккалчиликка эга лойиҳалардан тобора қочмоқда. Бу, айниқса, ички талабнинг кучсизлиги ва маҳаллий ҳокимият органларининг қарзлари билан боғлиқ муаммолар фонида хавфли.

“Маҳаллий амалдорлар тажриба ўтказишдан кўра сиёсий бўйсунувчанликни афзал кўришлари мумкин”, дея Oxford Economics тўнғич иқтисодчиси Шеана Юэнинг баҳосини келтиради нашр.

Олий раҳбариятга келиб тушадиган маълумотлар сифатининг ёмонлашуви яна бир оқибат бўлмоқда. Жазоланиш қўрқуви сабабли амалдорлар муаммоларни яширишлари ва раҳбариятга фақат у эшитишни хоҳлаган нарсаларни хабар қилишлари мумкин. Бу, айниқса, иқтисодий сиёсатда хато қарорлар қабул қилиш хавфини туғдиради.

Шунга қарамай, мутахассислар коррупцияга қарши кампаниянинг тўхтатилишини кутмаяпти. Уни ўтказишдан асосий мақсад тобора партия аппаратининг Си Цзиньпинга шахсий содиқлигини таъминлаш бўлиб бормоқда.

“Унинг ўн йиллик даволаши иш бермади, ҳатто унга энг яқин одамлар ҳам коррупцияга ботаётгани аниқланди. Унинг жавоби эса – дозани оширишдир”, дея Си Цзиньпин стратегиясини тавсифлайди Jamestown Foundation илмий ходими Кристофер Най.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар Чжан Юся ва Лю Чжэньли садоқатсизлик, коррупция ва бошқа “жиддий интизомий қоидабузарликлар”даги айбловлардан сўнг Коммунистик партиядан чиқарилганди ва Қуролли кучлар сафидан бўшатилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг