Си Цзиньпин дунёга модернизация учун янги имкониятлар бермоқчи
Олам
−
21 Апрель 2023
7291Хитой ўз модернизациясидаги ютуқлар асосида дунёга янги имкониятлар тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 21 апрель куни Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг Шанхайдаги “Ланьтинг” форуми очилишида ўқиб эшиттирилган мурожаатида айтилади.
“Пекин Хитой модернизация модели ютуқлари асосида дунёга янги имкониятлар тақдим этиш, модернизация йўлини ва яхшироқ ижтимоий тизимни ўрганишда инсониятга янги туртки бериш учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, дейилади Си Цзиньпиннинг мурожаатида.
Айтилишича, модернизация ҳар доим Хитой халқининг тинимсиз интилиши бўлиб келган. Си Цзиньпин Хитой Коммунистик партияси бутун мамлакат бўйлаб барча этник гуруҳлар вакилларини бирлаштириб, унга раҳбарлик қилганини таъкидлаган. У кўп йиллик машаққатли изланишлардан сўнг Хитойнинг миллий хусусиятларига мос ривожланиш йўлини топгани ҳамда ҳозирда кучли давлат ва миллий тикланишни тарғиб қилиш орқали Хитой модернизация моделини қураётганини билдирган.
Ўз навбатида, Ташқи ишлар вазири Цинь Ганг ХХР барча мамлакатларнинг модернизацияни амалга ошириш ҳуқуқини ҳимоя қилишга тайёр эканини ҳамда “девор ва тўсиқлар” ўрнатилишига қарши эканини таъкидлаган.
“Биз барча мамлакатларнинг ривожланиш ҳуқуқини янада қаттиқроқ қўллаб-қувватлаймиз. Модернизация ҳар бир давлатнинг ажралмас ҳуқуқидир, бир неча давлатнинг монополияси ва эксклюзив имтиёзи эмас. Сиз дарёнинг нариги томонига етиб борганингиз учунгина дарёдан ўтиб, кўприкларни демонтаж қила олмайсиз. Бошқа давлатлар томонидан модернизацияга эришиш учун тўсиқлар яратиш, бостириш, тўхтатиш ва блокировка қилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, чунки қолган давлатлар модернизациянинг бошқа йўлларидан борадилар”, дейди вазир Цинь Ганг.
Шунингдек, вазир Хитой буюк давлатлар билан рақобатда иштирок этмаслигига эътибор қаратган. Цинь Гангнинг айтишича, ХХР қатъий ҳимоя қиладиган нарса Хитойнинг ривожланиш манфаатлари ва Хитой халқининг яхшироқ ҳаётга интилиш ҳуқуқидир. Бундан ташқари, у Хитой барча мамлакатлар халқлари бир-биридан мустақил равишда танлаган модернизация йўлини ҳурмат қилиши, мафкуравий қарама-қаршиликларни юзага келтиришга, янги совуқ урушга киришишга, ички ишларга аралашишга ва ўзбошимчалик билан мажбурлашларга қарши чиқишини билдирган.
“Хитой глобаллашувнинг тўғри йўналишини қўллаб-қувватлайди, девор ва тўсиқлар ўрнатишга, бир томонлама санкциялар ва кучли босимга қарши. Хитой иқтисодий глобаллашув ва турли мамлакатларнинг модернизацияси бир-бирини тўлдириши учун ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларининг барқарорлиги ҳамда узлуксизлигини сақлаб қолиш мақсадида барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда”, дейди вазир.
Маълумот учун, “Ланьтин” форуми 2010 йил 1 декабрда ташкил этилган бўлиб, унга Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мезбонлик қилади. Бу халқаро ва минтақавий муаммоларни, шунингдек, Хитой ташқи сиёсатини муҳокама қилиш учун майдондир. Унда ҳукумат ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этмоқда. Форум илк бор Шанхайда ўтказилмоқда.