Швецияда викинглар даврига оид катта хазина топилди
Олам
−
15:04 1003 2 дақиқа
Швецияда викинглар даври ва илк ўрта асрларга оид 24 мингдан ортиқ кумуш танга ҳамда бошқа буюмлардан иборат катта хазина топилди. Бу ҳақда Швеция Миллий мерос кенгаши хабар берди.
Қайд этилишича, “Ҳўрнингшолм хазинаси” 2025 йил август ойида Сўдертäлже муниципалитетининг Мўркў ҳудудидаги Ҳўрнингшолм 2:7 ер майдонидан топилган. Топилма таркибида тахминан 24 минг 100 та кумуш танга ва 144 та бошқа буюм бор.
Хазинанинг асосий қисмини кумуш буюмлар ташкил этади. Шунингдек, ундан зарҳал буюмлар ва оз миқдорда олтин буюмлар ҳам топилган. Топилмаларнинг умумий ҳолати яхши экани айтилмоқда. Хазинани топган шахс топилма ҳақида тезда вилоят маъмуриятига хабар берган. Шу орқали у қонунчиликда белгиланган мажбуриятларини бажарган.
“Ҳўрнингшолм хазинаси” Швеция ҳудудидан ҳозиргача топилган энг йирик танга хазинаси ҳисобланади. У мамлакатнинг дастлабки иқтисодиёти, узоқ масофалардаги алоқалари ва ёзма манбаларда кам ёритилган даврдаги жамият тузилиши ҳақида янги маълумотлар бериши мумкин.
Хазина таркибида жуда кам учрайдиган епископ тангаларининг кўплиги ҳам қайд этилган. Швеция Миллий мерос кенгаши хазинани 4 миллион крона (тахминан 400 минг доллар) товон пули эвазига давлат томонидан қабул қилиб олишга қарор қилган.
Кенгаш вакили Магнус Ларссоннинг айтишича, товон миқдорини белгилашда топилманинг жуда юқори тарихий-маданий қиймати ҳамда хазинани аниқлаган шахс учун адолатли ва масъулиятли товон белгилаш зарурати ҳисобга олинган.
Швеция Миллий мерос кенгаши қадимий топилмаларни қонунчиликка мувофиқ равишда тегишли идораларга хабар қилиш ва уларни асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлади. Бу орқали топилмалар сақланиши, ўрганилиши ва жамият манфаатига хизмат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ишчилар Дунай тубидан тасодифан 2200 йиллик тарихга эга, 500 та темир ёмбидан (слиток) иборат хазинани топгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси