Швецияда мусулмонлар сайлов арафасида радикал демократларга қарши чиқмоқда

Олам

image

Швецияда 2026 йилги парламент сайловлари арафасида мусулмон жамоалари мамлакатда кучайиб бораётган ўта ўнг қарашларга қарши жамоатчилик билан мулоқотни кучайтирмоқда. Бу ҳақда “The Guardian хабар берди

Қайд этилишича, Швециядаги мусулмонлар, хусусан, аҳмадия мусулмонлари жамоаси мамлакатда ислом ва муҳожирларга нисбатан салбий муносабат кучайиб бораётганидан хавотир билдирмоқда. Улар сайловлар олдидан ўта ўнг кучларнинг таъсири ортиб бораётган бир пайтда жамоатчилик билан очиқ мулоқот қилишга уринмоқда.

Шу мақсадда имом Кашиф Вирк 2017 йилда “Мусулмондан сўранг” (Ask-a-Muslim) ташаббусини йўлга қўйган. Ўнлаб кўнгиллилар иштирокидаги ушбу лойиҳа мамлакатнинг 150 дан ортиқ бозори, майдони ва шаҳар марказларида ўтказилиб, одамларга ислом дини ҳақида савол бериш ва нотўғри тасаввурларни муҳокама қилиш имконини берган.

Виркнинг айтишича, Швецияда айрим радикал сиёсий кучлар фаоллашгани сабабли одамлар исломдан чиндан ҳам қўрқа бошлаган. Мамлакатда масжидларга ҳужумлар ва вандализм ҳолатлари ҳам кузатилган. 2023 йилда эса Қуръон нусхаларини ёқиш ёки уларга зарар етказиш билан боғлиқ бир қатор намойишлар ўтказилган.

Нашрнинг ёзишича, Швециядаги айрим муҳожирлар сиёсий баҳслар уларнинг кундалик ҳаётига ҳам таъсир қилаётганини айтмоқда. Мальмё шаҳрида яшовчи 46 ёшли ҳамширанинг сўзларига кўра, ўта ўнг кучлар унинг дини ва ҳижоби ҳақида гапирганда, бу гаплар унинг шахсиятига қаратилгандек туюлади.

Мақолага кўра, ўта ўнг “Швеция демократлари” партиясининг таъсири сўнгги йилларда сезиларли даражада ошган. Партиянинг миграция ва жиноятчилик масалаларидаги қарашлари мамлакат сиёсий кун тартибига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Швеция ҳукумати миграция қоидаларини янада кучайтирган. Мамлакат бошпана сўровлари бўйича квотани қисқартирган ва айрим муҳожирларнинг ихтиёрий равишда қайтиши учун рағбатлантириш чораларини жорий этган.

Маълумот учун, “Швеция демократлари” (Sweden Democrats, SD) – миллий-консерватив ва ўнг популист партия бўлиб, кўп халқаро манбалар уни ўнг қанотдан ўта ўнггача бўлган партия сифатида таснифлайди. Партиянинг асосий сиёсий масалаларидан бири – иммиграцияни кескин чеклаш. Шунингдек, жиноятчилик ва интеграция масалаларида қаттиққўл сиёсатни қўллаб-қувватлайди.

Мусулмонлар ва муҳожирлар орасида мамлакатдаги муҳит тобора ноқулайлашиб бораётгани ҳақида хавотирлар кучаймоқда. Айрим фаоллар эса ўта ўнг кучларнинг таъсири давом этса, бу Швециянинг миллий қиёфаси ва мамлакатдаги озчиликларга муносабатни узоқ муддатга ўзгартириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Швецияда мусулмонлар аҳолининг тахминан 8 фоизини ташкил этади. 2026 йилги парламент сайловлари мамлакатда миграция, интеграция ва ўта ўнг сиёсий кучларнинг келажакдаги таъсири масалалари бўйича муҳим қарор нуқтаси бўлиши кутилмоқда. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг