Швеция Олий суди Туркиянинг жиғига тегадиган қарор чиқарди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
13564Бугун, 20 сентябрь куни Швеция Олий суди Курдистон ишчи партияси (КИП) террор ташкилоти учун мажбурий пул йиғишда айбланган шахсни Туркияга экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилди. Бу ҳақда суд баёнотида маълум қилинди.
Швеция Олий суди терроризмни молиялаштиришга, товламачиликка уриниш ва ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда жиноят содир этганлик учун 40 ёшли эркакка нисбатан тайинланган тўрт ярим йиллик қамоқ жазосини маъқуллаган.
Айблов хулосасини тайёрлаган прокурор Ҳанс Иҳрманнинг айтишича, КИП тарафдори Швецияда шантаж орқали пул йиғишда айбланган.
“Унинг ҳаракатлари узоқ вақт давомида уюшқоқлик билан амалга оширилган кенгроқ фаолиятнинг бир қисмидир. Гумонланувчининг КИП номидан ҳаракат қилганига оид кучли далиллар мавжуд”, дейди прокурор.
Қайд этиш жоизки, Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши учун ҳалигача йўл очмади. Гарчи Президент Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг июль ойида Вильнюсда бўлиб ўтган НАТО саммитида Стокгольмнинг альянсга қўшилишини тезлаштиришини айтган бўлса-да, буни тасдиқлайдиган Туркия парламенти ишламаётганини, ёзги таътилга чиққанини билдирган. Туркиянинг Швецияга қўйган талабларидан бири эса терроризмга, жумладан Курдистон ишчи партияси жангари ташкилотига қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш саналади.
Маълумот учун, Курдистон ишчи партияси АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан ҳам КИП террор ташкилотлар рўйхатига киритилган. Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг айтишича, КИП жангарилари Туркияда ўзларининг қонли жиноятларини илк бор амалга оширган 1984 йилдан буён ўн минглаб турк хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолининг ҳалок бўлган. Анқаранинг мавжуд вазиятни ҳал қилиш йўлларини топишга уринишларига қарамай, террор ташкилоти КИП 2015 йилнинг июль ойидан бери қуролли ҳужумларни қайта бошлаган.
Сўнгги йилларда КИП минтақадаги қонли жиноятлар учун масъулиятни ўз бўлинмаларига ўтказишга ҳаракат қилган. Сурияда КИП террористлари PYD ва YPG номлари ортига яшириниб, сўнгги икки йил ичида ўзларини “Сурия Демократик кучлари” деб атаган. Эронда эса КИП Курдистон эркин ҳаёт партияси сифатида фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йоркка жўнаб кетишидан олдин Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида Швеция НАТОга аъзо бўлиш бўйича Туркияга берган ваъдаларини ҳалигача бажармаганини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь