Швеция Бош вазири Туркиянинг айбловларини рад этди

Олам

image

Швеция террорчиларни қўллаб-қувватламайди ва ҳарбий ёрдам бермайди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Магдалена Андерссон Европа Кенгаши Раҳбари Шарль Мишель билан учрашуви ортидан уюштирилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Биз террор ташкилотларига пул жўнатмаяпмиз. Ва табиийки, қурол юбормаяпмиз” дейди Швеция Бош вазири.

Андерссон, Швеция ва Финляндия делегацияларининг Анқарадаги мулоқоти расмий Стокгольм турли гуруҳларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги “чалкашликларни” ҳал қилиш учун имконият яратганини билдирди. 

Швециялик дипломатларнинг Анқарада Туркиянинг талаблари юзасидан музокаралар олиб боришини таъкидлаган Андерссон келишув шартлари қайта кўрилишини қўшимча қилди.

“Табиийки, бандларни кўздан кечирамиз, рўйхатни муҳокама қиламиз, матбуотдаги хабарлар ёки бошқа жойда чиққан баёнотлар орасидаги аниқ бўлмаган баъзи нормаларга ойдинлик киритамиз. Очиғини айтадиган бўлсак, қаерга молиявий ёрдам берамиз ёки қаерга қурол сотамиз...”, дейди Андерссон.

Стокгольмдан кейин Финляндиянинг пойтахти Хельсинкига сафар қиладиган Европа Иттифоқи Кенгаши раҳбари Мишель, бу Швеция учун “ҳаётий бир босқич” эканлигини таъкидлаб, ташкилот мамлакатнинг танловларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Туркиянинг беш бандлик талаблар рўйхати

Туркия кеча, 25 май куни Швецияга қўйилган беш бандлик талаблар рўйхатини эълон қилди. Талаблар қуйидагилардан иборат:

•  терроризмга сиёсий ёрдамни тўхтатиш;
•  террорни молиялаш манбасини йўқ қилиш;
•  PKK/PYD'га қурол қўллаб-қувватлашни тўхтатиш;
•  Туркияга қарши эмбарго ва санкцияларни бекор қилиш;
•  терроризмга қарши глобал ҳамкорлик қилиш.

Туркия 2017 йилдан бери Швециядан PKK/PYD ва ФЕТО аъзоларини экстрадиция қилиш талабларига ижобий жавоб олмаганини маълум қилди ва Стокгольмни 2023 йилда PKK/PYD'га 376 миллион долларлик ёрдам ажратишга қарор қилганликда айблади. Анқара, шунингдек, Швеция ҳукуматини PKK/PYD'га ҳарбий техника, хусусан, танкга қарши ва дронлар билан таъминлаганликда айбламоқда.

Туркия суриялик курдлардан тузилган PYD'ни PKK'нинг Суриядаги бўлими сифатида кўради ва уни террорчи ташкилот дея таснифлайди. АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари PKK'ни террор ташкилоти деб тан олишса-да, PYD'и террорчи деб билмайди.

Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде "Aftonbladet" газетасига берган интервьюсида, мамлакатини Сурия инқирозида гуманитар ёрдам кўрсатишда энг фаол донор эканига тўхталган.

Эслатиб ўтамиз, кеча 25 май куни Анқарада Туркия, Швеция ва Финляндия ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, Туркия Президенти матбуот котиби Ибрахим Калин Туркия Анқара хавфсизликка оид чоралар кўрилмаса, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси олдинга силжимаслигини очиқ айтди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.

 

Севинч Тўхтабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

2.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг