Шунча йил “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди – Мирзиёев 

Жамият

image

Кеча, 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида тизим, қаров бўлмагани учун экилган дарахтларнинг кўпи қуриб кетганини, бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилаётганини таъкидлади. 

Президент раислигидаги йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.

“Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъул белгиланадиган бўлди. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради.

Ободонлаштириш бўлимлари махсус техника билан таъминланади, зарур жойларда суғориш тармоқлари барпо этилади. Экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари масъул бўлади.

Давлат раҳбари ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топиши кераклигини таъкидлади.

Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига дарахтлар экилади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ҳокимлар билан бирга, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос кўчатларни кўпайтириш ва етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бунинг учун, қўмита ҳузурида “Яшил ҳудуд” унитар корхонаси ва ҳар бир вилоятда унинг филиаллари ташкил этиладиган бўлди.

Соҳадаги ишларда Экология қўмитасининг ўрни таъкидланиб, унинг тузилмаси, ваколат ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда суғориш тизимини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳокимларга ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш чоралари ҳам белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг