Шойгу Мариуполга борди
Олам
−
06 Март 2023
11553Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу руслар босиб олган Украинанинг Мариуполь шаҳрига борди. Вазир у ерда ҳарбий қурилиш мажмуасининг Донбасс инфратузилмасини тиклаш бўйича ишини текширган. Бироқ вазирлик ташриф қачон бўлиб ўтганига ойдинлик киритмаган. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
“Донецк Халқ Республикасининг Мариуполь шаҳрида Россия ҳарбий департаменти раҳбари ишга туширилган объектларнинг тайёргарлиги ҳамда қурилаётган бино ва иншоотлар майдонларида ишларнинг боришини кўздан кечирди. Шу қаторда Сергей Шойгуга ҳарбий қурувчилар томонидан бунёд этилган кўп функцияли тиббиёт маркази, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Республика қутқарув маркази ва 12 та беш қаватли турар-жой биноларидан иборат янги микрорайон намойиш қилинди”, дейилади расмий хабарда.
Манбага кўра, Шойгу Ростов вилояти ва Донецкни Дон дарёсидан Северский Донец-Донбасс каналигача боғлайдиган энг катта сув қувури қурилиши ҳақидаги ҳисоботни тинглаган. Қувур минтақадаги кўплаб аҳоли пунктларини таъминлаши кутилмоқда.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги 4 март куни Сергей Шойгу Украинадаги “ҳарбий операция” зонасида Жанубий Донецк йўналишидаги “Восток” қўшинлари гуруҳидан бирининг қўмондонлик пунктини кўздан кечирганини маълум қилган. Шу куни вазир ўринбосарлари билан қўшинларнинг қўшма гуруҳи қароргоҳида, ҳарбийларни қурол-яроғ билан таъминлаш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. 5 март куни эса Шойгу Украинадаги “ҳарбий операция” зонасидаги қўшинлар гуруҳлари қўмондонлари билан учрашув ўтказган.
Маълумот учун, 2022 йил август ойида Россия Федерацияси Қурилиш вазирлиги Мариуполни уч йил ичида тиклаш режаларини эълон қилган. Шаҳар мери Олег Моргун 400 дан ортиқ бино бузилиши кераклигини айтган. Унинг айтишича, бузиш ишлари 2023 йилда якунланиши режалаштирилган.
LiveБарчаси