“Шовотча инновация”. Хоразмда ҳоким мактабдаги ўчиқ “отопления”ни ўрганди
Жамият
−
12 Январь 2023
17680Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокими Одилбек Ортиқовнинг мактабдаги ишламаётган иссиқлик узатиш панелларини ўрганаётган жараёни акс этган сурати кўплаб муҳокамага сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 январь куни тунда туман ҳокими ижтимоий соҳа объектларида аномал совуқ шароитида иситиш тизимининг аҳволи бўйича ўрганиш ишларини олиб борган.
Туманнинг чекка ҳудудида жойлашган 10-сонли мактаб иситиш тизимида муаммо мавжуд бўлиб, жорий йилнинг 8 январь куни тегишли ташкилотлар томонидан иситиш қозони қайта таъмирлаш учун олиб кетилган. Совуқ ҳаво оқибатида мактабнинг иситиш тизими ишдан чиқмаслиги учун иссиқлик узатиш панелларини сувдан тозалаш ишлари амалга оширилган.
Маълум қилинишича, туман ҳокими ушбу жараённи, яъни иссиқлик узатиш панелларини носоз ҳолатга келиб қолмаганини ўзи кўздан кечирган ва ҳолат фотосуратга олинган. Ҳозирда иситиш қозонларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Тарқалган фотосуратда ҳоким тизимга уланмаган узатиш панелини ушлаб, текшираётгани акс этган. Бу эса интернет фойдаланувчиларининг кулгусига сабаб бўлган. Шовот ҳокимлиги бу ҳолатга аниқ изоҳ бермаган.
“Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан, туман ҳокимининг мактаб ўқувчиларини сифатли таълим олишлари учун зарур шароит яратиш бўйича ҳаракатларини нотўғри тушуниб, ўзгача талқин қилмасликларини сўраймиз”, дейилади хабарда.