Шомуродов ва Файзуллаев голлари жамоасига ғалаба келтирди
Спорт
−
10:15 1794 2 дақиқа
Кеча, 22 декабрь куни Туркия Суперлигаси 17-тур доирасида “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси ўз майдонида “Газиантеп” клубини 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари Шомуродов ва Файзуллаев ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди.
Учрашувнинг 21-дақиқасида Элдор Шомуродов ҳисобни очган бўлса, 29-дақиқада Аббосбек Файзуллаев жамоасининг иккинчи голини киритди.
Иккинчи бўлимнинг 53-дақиқасида меҳмонлар сафидаги Арда Кизилдағ тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. 68-дақиқада Умут Гунеш ҳисобни янада йириклаштирди. 84-дақиқада эса Иван Брнич учрашувдаги якуний голни киритиб, ўйиннинг йирик ҳисобда якунланишини таъминлади. Меҳмонлар жамоасининг ягона голига Дрисса Камара муаллифлик қилди.
“Sofascore” нашри ушбу баҳсда Элдор Шомуродовнинг ўйинини 7,9 балл, Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатларини эса 9,3 балл билан баҳолади.
Айни пайтда Элдор Шомуродов 12 та гол билан Туркия Суперлигасининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринларда “Трабзонспор” ҳужумчиси Пол Онуачу (11 гол) ҳамда “Галатасарой” форварди Мауро Икарди (9 гол) жойлашган.
Маълумот учун, Туркия Суперлигаси турнир жадвалида ҳозирда “Галатасарой” 42 очко билан пешқадамлик қилмоқда. “Фенербаҳче” 39 очко билан иккинчи, “Трабзонспор” 35 очко билан учинчи ўринда бормоқда. “Истанбул Башакшеҳир” эса ушбу ғалабадан сўнг 23 очко билан 7-поғонага кўтарилди.
Live
Барчаси