Шомуродов Туркияда мавсум тўпурари бўлди

Спорт

image
Жорий йилнинг 16 май куни бўлиб ўтган сўнгги тур учрашувида “Истанбул Башакшеҳир” 2:1 ҳисобида “Газиантеп”ни мағлуб этди. Ушбу баҳсда Элдор Шомуродов мавсумдаги 22-голини урди ва тўпурарлик пойгасида етакчига айланди.

Кеча, 17 май куни бўлиб ўтган ўйинда “Трабзонспор” футболчиси Пол Онуачу гол ура олмади ва ўзбекистонлик ҳужумчини ортда қолдириш имкониятини бой берди. Нигериялик футболчи сўнгги беш учрашувда гол ура олмаган бўлса, Шомуродов охирги олти ўйинда олти бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди.

Шунингдек, Элдор пенальтисиз урилган голлар ва “гол+пас” кўрсаткичи бўйича ҳам лигада энг яхши натижани қайд этди. Икки футболчи бир хил — 22 тадан гол урган бўлса-да, қўшимча статистикалар Шомуродовни рўйхатда биринчи ўринга олиб чиқди.

Шомуродов Европа чемпионатларида тўпурар бўлган иккинчи ўзбек футболчисига айланди. Бунгача Максим Шацких 2000 ва 2003 йилларда Украина чемпионати тўпурари бўлганди.

Маълумот учун, Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов тўп сураётган “Истанбул Башакшеҳир” мавсумни 5-ўринда якунлади. Жамоа кейинги мавсум Еврокубокларда иштирок этиш имкониятини қўлдан чиқарди.

Мақола муаллифи

Теглар

Элдор Шомуродов “Истанбул Башакшеҳир” Пол Онуачу

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг