Шольцнинг рақиби Киевга борди

Олам

image

Бугун, 9 декабрь куни Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-ижтимоий иттифоқ (ХИИ)нинг мухолиф блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Киевга борди. Бу ҳақда "Deutsche Welle" хабар берди.

У ушбу сафар давомида Украина мудофаасининг ҳозирги ҳолати билан танишиш ниятида эканлигини айтди. Бундан ташқари, Мерц Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашишни интиқлик билан кутаётганини, шунингдек, Германия Украинани Россия ҳарбий агрессиясидан ҳимоя қилиш учун нима қилиши мумкинлиги ҳақида маълумот олишни исташини билдирди.

“Мен Киевга Украина ҳукумати ва Украина халқини ХДИ/ХИИ фракцияси улар тарафида эканлигига ишонтириш учун келдим. Биз бу даҳшатли уруш имкон қадар тезроқ тугашини ва Европада тинчлик тикланишини истаймиз", деди у.

Германиянинг энг йирик мухолифат блоки раҳбари Украина ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши учун зудлик билан кейинги ҳарбий ёрдамга муҳтожлигини таъкидлади.

"Агар бизнинг Украинани қўллаб-қувватлашимиз заифлашса, уруш узоқроқ давом этади. Агар Украинани қўллаб-қувватлашимиз изчил бўлса, уруш тезроқ тугайди. ХДИ/ХИИ блоки украиналикларнинг “тинч ва эркинликда” яшашини истайди", дея қўшимча қилди немис сиёсатчиси.

Аввалроқ Фридрих Мерц Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шольцни ўзининг қатъий позицияси билан Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинадаги урушни давом эттиришига ҳисса қўшаётганликда бир неча бор айблаган эди. Шольцдан фарқли ўлароқ, Мерц Украина Қуролли кучларини Германиянинг узоқ масофали TAURUS ракеталари билан таъминлашни истисно этмайди.

"TAURUS қанотли ракеталари Украинага Россия армиясининг таъминот йўлларини жиддий равишда бузишга имкон беради", деди мухолифат раҳбари.

Мерцни канцлерликка номзод қилиб кўрсатган ХДИ/ХИИ блоки 2025 йил февралига мўлжалланган Бундестагга муддатидан олдин сайловлар олдидан ўтказилган сўровларда етакчилик қилмоқда.

Маълумот учун, бу Фридрих Мерцнинг кенг кўламли уруш бошланганидан бери Украинага биринчи сафари эмас. У 2022 йил май ойида Киевга ташриф буюрган.

Эслатиб ўтамиз, Германия канцлери Олаф Шольц 2 декабрь куни Украинага ташриф билан борганди. Кейинчалик у  Украинага немис қўшинларини юборишга қарши чиқди


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Украина Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг