Шольц Путин билан гаплашиш шартини айтди
Олам
−
11 Ноябрь
8285Германия канцлери Олаф Шольц Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказиш ниятини тасдиқлади, бироқ бу ишни шериклари билан келишувсиз амалга ошириш ниятида эмаслигини айтди. Бу ҳақда у ARD телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Ҳа, мен Россия Президенти билан керакли вақтда гаплашаман. Лекин мен буни бир томонлама қилмайман. Бу мен узоқ вақтдан бери фаол равишда олиб борган кўплаб алоқаларни, кўпчилик билан музокараларни ўз ичига олади”, деди Шольц.
Германия канцлери Россия раҳбари билан суҳбат тез орада бўлиши мумкинлигини айтди.
1 октябрь куни “Die Zeit” газетаси ҳукуматдаги манбаларга таяниб, Шольц 18-19 ноябрь кунлари Бразилияда бўлиб ўтадиган G20 саммити олдидан Путин билан боғланишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Агар суҳбат бўлиб ўтса, Германия ҳукумати раҳбари Ғарбнинг етакчи давлатлари раҳбарларидан биринчи бўлиб бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтиб Путин билан яна тўғридан тўғри боғланади.
Путин ва Шольц охирги марта 2022 йил декабрида телефон орқали суҳбатлашган. Россия Федерацияси ва Германия раҳбарларининг сўнгги юзма-юз учрашуви 2022 йил 15 февраль куни Кремлда бўлиб ўтган.
2 октябрь куни Кремль воизи Дмитрий Песков Путин доимо мулоқотга очиқ бўлган ва шундай бўлиб қолишини таъкидлади. Бироқ Кремль вакилининг таъкидлашича, Путин ва Шольцнинг ҳозирда юзаки суҳбат учун умумий мавзулари йўқ. Унинг эслатишича, Россия ва Германия ўртасидаги муносабатлар деярли нолга тушиб кетган.