Шольц музокаралар ҳақида Путиннинг фикрини билишнинг ягона йўлини айтди
Олам
−
17 Ноябрь
9529Германиянинг федерал канцлери Олаф Шольц Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина масаласида музокаралар бўйича позициясини билишнинг ягона йўли – у билан гаплашиш эканини айтди. Бу ҳақда канцлер “Süddeutsche Zeitung” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
Шольцдан Россия ўз позициясини мустаҳкамлаётган бир пайтда Путин нима учун музокарага киришиши керак, деб сўралган. Канцлер Россия Президентининг бу борадаги фикрларини муҳокама қилиш бефойда эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, Путин ва Шольц охирги марта 2022 йил декабрида телефон орқали суҳбатлашган. Ўшанда Шольц Путинни Украина ҳудудидан қўшинларни олиб чиқишга ва можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун ечим топишга чақирган. Россия Федерацияси ва Германия раҳбарларининг сўнгги юзма-юз учрашуви 2022 йил 15 февраль куни Кремлда бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 ноябрь куни Германия канцлери Олаф Шольц ва Россия Президенти Владимир Путин 2022 йил охиридан буён биринчи бор телефон орқали мулоқот қилганди. Суҳбат бир соат давом этган ва унинг ташаббускори Германия бўлган. Канцлер немис тилида гапирган, шунинг учун Россия раҳбари таржимонга муҳтож бўлмаган. Бироқ Путин, “Bild” нашрининг ёзишича, рус тилида жавоб берган. Шольц эса, Ангела Меркелдан фарқли ўлароқ, рус тилини билмаслиги сабабли, Президентнинг сўзлари унга таржима қилинган. Путин ва Шольц мулоқотда Россия-Украина урушини муҳокама қилган. Суҳбат давомида Украинадаги вазият бўйича батафсил ва очиқ фикр алмашилган. Владимир Путин урушга сабаб сифатида НАТОнинг йиллар давомида олиб борган агрессив сиёсатини таъкидлаган. Унга кўра, келажакдаги келишувлар Россиянинг хавфсизлик бўйича манфаатларини ҳисобга олиши, янги ҳудудий реалликларга асосланиши ва урушга сабаб бўлган омилларни бартараф этиши зарур.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь