Шольц канцлерликка номзодини қўйди

Олам

image

Германиянинг Социал-демократик партияси (СДПГ) бугун, 11 январь куни бўлиб ўтган партия конференциясида партия аъзоси ва амалдаги канцлер Олаф Шольцни жорий йил 23 февралдаги сайловлар учун канцлерликка номзод сифатида тасдиқлади. Бу ҳақда “Tagesschau” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, деярли барча делегатлар Шольцга овоз берган. Лекин партияда СДПГ номзодини танлашда Германия Мудофаа вазири Борис Писториусни қўллаб-қувватлаш ҳақида баҳслар бўлган. Аммо якунда Писториус курашда иштирок этишдан воз кечган.

Маълумот учун, Германия партиялари 23 февралга белгиланган сайловларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу сайловлар муддатидан етти ой аввал ўтказилади. Ҳозирга қадар канцлерликка номзодлар орасида Христиан-демократик иттифоқи (ХДС) раҳбари Фридрих Мерц ва Иттифоқ 90/Яшиллар партиясининг вице-канцлери Роберт Хабек ҳам бор.

“Associated Press” маълумотларига кўра, сайловлар арафасида ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари натижалари Христиан-демократик иттифоқи (ХДС) ва унинг раҳбари Фридрих Мерцни 30 фоиз қўллаб-қувватлаш билан етакчи деб кўрсатмоқда. Ультраўнгчи “Германия учун альтернатива” партияси 20 фоиз рейтинг билан оммабоплик бўйича иккинчи ўринда. Бироқ бошқа партиялар ушбу партия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Сўров натижаларига кўра, СДПГ учун овоз беришга тайёр эканлигини билдирганлар 14-17 фоиз атрофида бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вольтер Штайнмайер канцлер Олаф Шольцнинг илтимосига биноан Бундестагни (парламент) тарқатиб юбориш қарорини қабул қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Олаф Шольц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг