Германия Президенти Бундестагни тарқатиб юборди
Олам
−
27 Декабрь
2648Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вольтер Штайнмайер канцлер Олаф Шольцнинг илтимосига биноан Бундестагни (парламент) тарқатиб юбориш қарорини қабул қилди. Муддатдан олдин парламент сайловлари 23 февраль куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Tagesspiegel” нашри хабар берди.
“Ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилинганлиги сабабли у энди парламентда кўпчилик овозга эга эмас. Муқобил таркибдаги ҳукумат учун ҳам кўпчиликни кўрмадим. Шу сабабли янги сайловлар мамлакатимиз манфаатлари йўлида тўғри бўлади деб ишонаман”, деди Германия Президенти.
Штайнмайернинг таъкидлашича, мураккаб даврда мамлакат барқарорлигини таъминлаш учун самарали ҳукумат ва парламентда ишончли кўпчилик бўлиши керак. Ўз баёнотида у Германиядаги иқтисодий ва миграцион инқирозлар, Яқин Шарқ ва Украинадаги можаролар ҳамда иқлим ўзгаришларини ҳам алоҳида таъкидлаган.
Президент, шунингдек, бошқа давлатларнинг келгуси сайловларга аралашув уринишларига қарши чиққан. У сайлов кампанияси давомида қўрқитиш ва зўравонликнинг қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бундестаг навбатдан ташқари йиғилишида Германия канцлери Олаф Шольцга ишонишдан бош тортиб, шу билан Германияда муддатидан олдин парламент сайловларига йўл очганди.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь