Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилади – Мирзиёев
Жамият
−
02 Февраль 2023
9391Фарғонадаги Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 1 февраль куни Андижон шаҳрида ўтган йиғилишда маълум қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
“Афсуски ўз вақтида Сўхдаги ерости газ сақлаш иншооти айрим сабаблар билан ёпиб қўйилган эди. Қирғизистондаги давлат ташрифи чоғида Садир Жапаров билан бу масалада ҳам келишиб олдик. Яқинда энергетика вазиримиз Қирғизистонга бориб, техник томонларини келишиб келади”, деди Президент.
Шунингдек, мазкур масала юзасидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълумот бериб, иншоот ишга туширилса, водийни ҳар куни 13 млн куб метр газ билан таъминлаш имконияти яратилишини айтди.
“Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5-3 млрд куб метр атрофида. Шундан 1,3 млрд куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради. Бу дегани қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 млн куб метр газ билан таъминлаш имкониятимиз бўлади. Мазкур иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистон ҳудудида жойлашган, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Шу сабабли иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади. Энг аввало ишчи гуруҳ барча техник ва иқтисодий томонларини батафсил ўрганиб чиқади. Чунки иншоотдан анча йиллардан буён фойдаланилмаган, ҳозирги ҳолатини яхшилаб ўрганиб чиқишимиз керак. Шундан сўнг шартлар келишиб олинади. Балки бу ижара ҳуқуқи асосида бўлар, лекин ҳозирча бирор фикр айтишга эрта”, дейди энергетика вазири.
LiveБарчаси