“Шимолий оқим” газ қувуридаги портлашлар сабаби айтилди
Олам
−
28 Сентябрь 2022
26459“Шимолий оқим” газ қувурларидан газ сизишига олиб келган портлашга қасддан режалаштирилган саботаж сабаб бўлгани тахмин қилиняпти. Дания ва Польша расмийлари шундай фикрни илгари сурмоқда.
“Тегишли идораларнинг баҳоси энди бир маънога эга – бу олдиндан ўйланган ҳаракатлар натижасидир. Бу тасодифий тасодиф эмас”, деди Дания Бош вазири Метте Фредериксен ва расмийларда “буларнинг барчаси ортида ким тургани ҳақида ҳали ҳеч қандай маълумот йўқ” деди.
Бундан олдин мамлакат расмийлари тергов олиб бораётгани ва “баъзи маълумотлар саботаж эҳтимоли борлигини кўрсатаётгани” хабар қилинганди.
Дания иқлим ва энергетика вазири Дан Йоргенсен геологларнинг газ қувурларида портлашлар содир бўлгани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлаб, қувурлар тубида чуқур жойлашгани ва пўлат ва бетондан ишланганини ва сизиб чиқаётган жойларнинг ўлчами бу бахтсиз ҳодиса бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.
Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде ижтимоий тармоқда ёзишича, Дания ва Швециянинг эксклюзив иқтисодий зоналаридаги “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2”да газ сизиб чиқиши портлашлар оқибати бўлган, эҳтимол саботаж туфайли содир бўлган.
“Биз ҳозирча нима бўлганлиги тафсилотларини билмаймиз, аммо бу ерда қўпорувчилик ҳаракати содир бўлганини аниқ кўрмоқдамиз”, дейди Польша Бош вазири Матеуш Моравецки.
“Der Spiegel” нашрининг ёзишича, АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ёздаёқ Германия ҳукуматини болтиқ денгизидаги газ қувурларига эҳтимолий ҳужумдан огоҳлантирган.
Швеция миллий сейсмик тармоғи (SNSN) биринчи портлашни 26 сентябрга ўтар кечаси, иккинчи портлашни эса ўша куни кечқурун қайд этган. Улардан бирининг магнитудаси 2,3 баллга тенг бўлган.
“Тўлқинларнинг пастдан ер юзасига қандай отилиб чиққанини аниқ кўришингиз мумкин. Бу портлашлар эканлигига шубҳа йўқ”, дейди SNSN сейсмологи Бёрн Лунд.
Потсдамдаги Геофизика тадқиқот маркази (Geoforschungszentrum, GFZ) томонидан иккита сув ости турткиси ҳам қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни бир неча соат ичида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2”га қувурида учта қочқин аниқланди. Улардан биринчиси Даниянинг Борнхольм ороли яқинидаги “Шимолий оқим-2”да аниқланган. Кейин “Шимолий оқим”да иккита сизиш қайд этилди. Дания энергетика агентлиги денгизга катта миқдорда газ тушгани ҳақида хабар берди. Самолётлар ва кемаларнинг ҳодиса содир бўлган жойга беш денгиз милидан яқинроқ келиши тақиқланади.
LiveБарчаси