Шимолий кореяликлар АҚШ компанияларини чув туширгани маълум бўлди
Олам
−
23 Октябрь 2023
16658Федерал қидирув бюроси ва АҚШ Адлия вазирлиги вакиллари Америка компанияларидаги минглаб масофавий дастурчилар КХДР фуқаролари эканлигини маълум қилди. Бир неча йил давомида бу мутахассислар Шимолий Кореянинг баллистик ракета дастурини молиялаштириш учун олган маошидан миллионлаб доллар жўнатган.
Ушбу дастурчилар Сент-Луис ва АҚШнинг бошқа шаҳарларидаги компаниялар билан масофадан ишлаш учун шартнома тузган. Мутахассислар бир қатор компанияларда ишлаши учун сохта таржимаи ҳол ва ҳужжатлардан фойдаланган.
АҚШ федерал маъмурияти ҳали ҳам давом этаётган тергов доирасида 1,5 миллион доллар ва 17 домен номлари мусодара қилинганини эълон қилди.
ФБР махсус агенти Жей Гринбергнинг айтишича, фрилансерларни ёллаган ҳар бир компания Шимолий Корея схемаси иштирокчиси ҳисобланади.
“Ушбу схема шунчалик кенг тарқалганки, иш берувчилар ходимларни ёллашда, жумладан, видеоконференция орқали интервью ўтказишда, айниқса, ҳушёр бўлишлари керак”, дейди Гринберг.
Адлия вазирлиги шимолий кореялик дастурчиларни ёллаган компаниялар рўйхатини эълон қилмаган. Шунингдек, бўлим амалиёт қачон бошлангани ва қўшимча маълумотларни ошкор қилмаган.
LiveБарчаси