Шимолий Кореяда амалдорлар оммавий қатл этилди
Олам
−
04 Сентябрь
28525Шимолий Корея ҳукумати август ойи охирида 20-30 нафар амалдорни сув тошқинидан ҳимоя қила олмагани учун қатл қилди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Chosun” телеканали хабар берди.
Манбага кўра, Шимолий Корея август ойида сув тошқини бўлган ҳудудда ишлаган камида 20 нафар давлат хизматчисини қатл этган. Таъкидланишича, офат етказган зарарни амалдорлар ўз жонлари билан тўлаган. Қатл этилганлар орасида вилоят губернатори даражасидаги амалдорлар ҳам бўлган..
Маълумот учун, жорий йилнинг 31 июль куни Шимолий Корея сув тошқини туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кучли ёмғир оқибатида мамлакатда 4 мингдан ортиқ уй сув остида қолиб кетган. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларга ташриф буюрган.
КХДР раҳбари гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирган давлатлар ва халқаро ташкилотларга миннатдорлик билдирган ва уларни қабул қилмаган. У мамлакат ҳукумат бошқарувнинг барча соҳаларида ўз кучига таянишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, сув тошқини етказган зарарни бартараф этишда Шимолий Корея ҳукумати мамлакат аҳолисига таянмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР Миллий мудофаа академияси дрон институти мамлакат етакчиси Ким Чен Ин кузатуви остида камикадзе дронларини синовдан ўтказганди. Улар орасида сув ости дронлари, ҳужумчи дронлар ва разведкачи учувчисиз учиш қурилмалари ҳам бўлган.
LiveБарчаси