Шимолий Корея янги даҳшатли қуролларини нега кўз-кўз қилаётганини очиқлади
Олам
−
15 Январь 2022
16493Сўнгги бир ойда қаторасига учта гипертовушли баллистик ракеталар синовини муваффақиятли якунлаган Пхеньян нима сабабдан тинимсиз янги қуролларини кўз-кўз қилаётганини маълум қилди.
Бугун, 15 январь куни КХДР эълон қилган баёнотга кўра, унинг бу ҳаракатлари яқинда кетма-кет Пхеньянга қарши янги санкциялар жорий қилган АҚШга жавоб зарбаси сифатида қабул қилиниши керак.
Шимолий Корея марказий ахборот агентлиги (KCNA) эса Япон денгизида муваффақиятли амалга оширилган янги қуроллар синовларини “мамлакат армиясининг жангавор шайлигини синовдан ўтказиш” дея баҳолаган.
Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлигининг мамлакат разведкаси маълумотларига таяниб хабар қилишича, КХДР синовдан ўтказган янги қуролнинг имкониятлари жуда кенг. У 36 км баландликда, соатига 7 350 км тезлик билан (бу товуш тезлигидан олти баробар катта) 430 км масофани босиб ўтиб нишонни аниқ урган.
Эслатиб ўтамиз, КХДР кеча, 14 январь куни ўзининг учинчи гипертовушли ракетасини синовдан ўтказди. Бу сўнгги бир ой ичида Пхеньян ҳавога учирган учинчи баллистик қурол ҳисобланади.
Сўнгги ракетанинг синови, Пхеньян Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни Шимолий Кореяга қарши жорий қилган санкциялари учун янада қақшатқичроқ жавоблар билан “сийлаши” ҳақидаги баёнотидан бир неча соат ўтиб амалга оширилган.
КХДР икки давлат ўртасидаги муносабатларда “қарама-қаршилик позицияси” сақлаб қолиниши ва Пхеньян Вашингтонга қарши янада кучлироқ ва аниқроқ чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирган.
Баъзи экспертларнинг фикрича, Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин ўзига қўшни бўлган давлатлар ва АҚШ билан тинчлик музокараларини олиб боришда антиқа усулдан фойдаланмоқда. У аввалига даҳшатли қуроллар билан уларни ваҳимага солиб, кейин тинчлик битимини тузишни таклиф қилади.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси