Шимолий Корея ракеталарида Ғарб давлатларининг эҳтиёт қисмлари топилди
Олам
−
21 Февраль
6271Украинанинг Харьков вилояти ҳудудига қулаган Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракета қолдиқларидан 290 та КХДРга тегишли бўлмаган электрон компонентлар топилди. Бу ҳақда кеча, 20 февраль куни Британиянинг можаро қуролларини ўрганиш бўйича ноҳукумат маркази (Conflict Armament Research, CAR) томонидан чоп этилган ҳисоботда маълум қилинди.
Қайд этилишича, бу тафсилотларнинг аксарияти АҚШ, Германия ва бошқа Ғарб мамлакатлари компаниялари билан “боғланиши мумкин”. Британиялик таҳлилчилар кўриб чиқилаётган компонентларнинг этикеткага кўра, сўнгги уч йил ичида ишлаб чиқарилганлигини таъкидлади. Бу шуни англатадики, ракета қисмлари Россияга 2022 йил февралида Украинада уруш бошланганидан кейингина етказилиши мумкин эди.
“Бир томондан, бу Шимолий Корея унга баллистик ракета компонентларини етказиб беришни тақиқловчи халқаро санкцияларни муваффақиятли четлаб ўтишда давом этаётганини англатади. Бошқа томондан, бу Шимолий Корея ҳарбий саноати ташқи таъминотга қанчалик боғлиқлигини кўрсатади”, дейилади CAR ҳисоботида.
Таҳлилчиларларга кўра, кўриб чиқилаётган компонентлар асосан ракетанинг навигация тизимининг бир қисми ҳисобланади.
Маълумот учун, 50 га яқин давлат, жумладан, АҚШ ва Германия КХДРдан Россия Федерациясига баллистик ракеталар етказиб берилишини, шунингдек, Россия 2024 йил бошида Украинага йирик зарбалар беришда ушбу ракеталардан фойдаланганини қоралади. Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, ўшанда Россия қўшинлари Украина ҳудудига қарийб 300 та ракета ва 200 дан ортиқ учувчисиз самолёт отган, 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг айтишича, Шимолий Корея Россияга нафақат ракеталарнинг ўзи, балки улар учун учиргичлар ҳам етказиб беради. Вашингтон фикрича, Пхеньян ўз қўллаб-қувватлаши эвазига Москвадан ҳарбий техника, жумладан, қирувчи самолётлар, “ер-ҳаво” ракеталари, зирҳли техникалар ва илғор ҳарбий технологиялар олишни хоҳлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь