Шифокорнинг ўлимида ким айбдор? ССБдагилар қаерга қараган?
Интервью
−
24 Сентябрь 2020
21703Аввалроқ, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бош шифокорнинг ҳибсга олиниши бўйича расмий маълумот берди. Унда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани айтилди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Шифокорнинг ҳибсланиши ва унга нисбатан очилган жиноят иши тафсилотларини ўрганиш мақсадида Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов билан суҳбатлашган эдик. Суҳбатда Гулжаҳон Йўлдошев раҳбарлик қилиб келаётган шифохонада асли шифокор бўлган коронавирусга чалинган бемор Фаррух Рустамов даволанаётгани, Йўлдошева уни оғир аҳволда Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказишга урингани, ҳеч қандай рухсатсиз беморни Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборгани, бемор ушбу диспансерда вафот этгани ойдинлашди.
Бу орада марҳум Фаррух Рустамовни Руҳий касалликлар шифохонасига нега қабул қилингани, оғир аҳволдаги беморни СOVID касалликлари учун мўлжалланмаган Руҳий касалликлар диспансерига қабул қилингани юзасидан, Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносированинг фикрларини ўргандик. Сўнг марҳумнинг турмуш ўртоғи билан суҳбатлашдик.
Марҳум Фаррух Фарҳодович Рустамов Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими фаолият олиб борган. У Сovid касалликларини даволаш мақсадида 14 кунлик карантин зонасида меҳнат қилиб, коронавирус юқтириши оқибатида вафот этди. У Президент фармонига кўра, “Жасорат” медали билан тақдирланди.
QALAMPIR.UZ Фаррух Рустамовнинг вафоти ва Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсланиши масаласида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлади.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Низом Хайруллаевич, воқеани билганингизча, сизга билдиришганича айтиб берсангиз.
Низом Абдуллаев, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари: Ҳамкасбимиз, марҳум Фаррух Рустамов Фарходович 36 ёшда СOVID-19 касаллигининг қурбонига айланди. У 2020 йил 4 июлдан коронавирус беморлари даволанадиган Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида ишлаган. 23 июлда шифохонадан чиқиб, уйда безовта бўла бошлаган. Ундан сўнг вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётган. Бу бемор тўғрисида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази Реанимация бўлими мудири Акмал Авазович ёрдам сўраб, 2020 йилнинг 1 август куни менга қўнғироқ қилди, беморга психиатр ёрдами керак экганлигини айтди. Мен психиатрларни юборишда амалий ёрдам бердим. Бемор вилоят Юқумли калликлар шифохонасидан, Чирчиқ шаҳрида жойлашган Руҳий асаб касалликлари диспансерига ҳали тўлиқ ўзаро келишилмасдан ўтказилган.
Бемор ётиб даволанган Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси СOVID-19 касаллиги тасдиқланган беморлар учун мўлжалланмаган. Бу шифохона Провизор ҳисобланади. Яъни СOVID-19 касаллигига гумонда бўлган шахсларни ётқизиш ва даволаш учун. Бу бошқарманинг жорий йил 26 мартдаги 79-сонли буйруғи билан белгилаб берилган.
Марҳум Фаррух Фарходовичда ҳақиқатан ҳам СOVID-19 касаллиги тасдиқланган. Вилоятда СOVID-19 касалларини даволаш учун 5 та шифохона ташкил этилган. Марҳум шу шифохоналардан бирига ётқизилиши керак эди. Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори сифатида Гулжаҳон Йўлдошева беморни қабул қилгандан сўнг, агар унга психиатр кўмаги керак бўлган тақдирда, иш жараёнда уни ташкил қилиши керак эди. Психиатр консультантни беморнинг ётган жойига чақиртириш лозим бўлган.
Ф.Н.: — Гулжаҳон Тоировна ўз интервьюсида карантин жорий қилинган куннинг эртасига, вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси Коронавирус касалликларини даволаш учун ёпилганини айтиб ўтган. Сизнинг гапингизжа унинг айтганларини мутлақо тескарисини кўряпмиз.
Н.А.: — Вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси жамоаси айтиши мумкин: республикамизда 15 март куни карантин эълон қилинганидан сўнг, шахсан ўзим 16 март куни айнан шу шифохонага бордим. Бу шифохонадаги тайёргарлик ҳолатини ўрганиб келганман. Бунинг сабаби эса дорилар таъминоти, нечта ўрин борлиги, ҳозирда мавжуд ва керакли жиҳозлар билан танишиш эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи кўмагида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, керакли аппаратлар билан жиҳозланди. Ўша куннинг ўзида бош шифокор ва ўринбосарларига керакли топшириқлар берилган.
Бундан ташқари уларга Наркотик ва психотроп дори воситаларини олишга лицензия олишлари кераклиги айтилди
Шифохона фаолияти бир соат ҳам тўхтатилмаган. Провизор сифатида ишлаши ҳақида буйруқ берилган ва у ишлаган.Чирчиқ шаҳар прокуратурасида бўлган сўров жараёнида мен ҳам қатнашдим. Унда ҳам айтдим, шифохонага 6 та хат юборилган, хатларда шифохона учун дори воситаларини олишга лицензия олиш кераклиги ҳақида айтилган. Биз уларга лицензия олиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлашлари ва навбатсиз дори воситаларини олиб беришимизни айтганмиз. Шу кунга қадар деярли 6 ой ўтди, ҳанузгача шифохона лицензияга эга эмас.
Ф.Н.: — Психотроп ва наркотик моддалар деб таъкидладингиз. Бу каби дори воситаларни ким истеъмол қилади, деган турли саволлар пайдо бўлади. Шунга аниқлик киритиб ўтсангиз.
Н.А.: — Ўта оғир аҳволда олиб келинган беморларни аҳволини бир мунча яхшилаш учун керак бўлади. Бемор сунъий нафас олиш аппаратида бўлса, юқумли касалликка гумондорлигидан ташқари, унда ёндош касалликлар бўлса ва баданда кучли оғриқ пайдо бўлса, оғриқ қолдирадиган воситалар унга ёрдам бермаган ҳолларда, психотроп наркотик воситалардан фойдаланишга мажбур бўламиз. Реанимация бўлимларида ушбу дори воситалари бўлиши шарт.
Ф.Н.: — Ҳозирги кунгача Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Коронавирусга чалинган беморлар аниқландими?
Н.А.: — Гумондор шахслар ётган шифохонада анализ олингандан сўнг, коронавирус аниқланади ва шу заҳоти беморлар СOVID-19 марказларига ўтказилади. Лекин СOVID-19 аниқланган беморлар провизор шифохонада қолмайди. Биздаги маълумотлар бўйича, ушбу шифохонадаги беморлардан суртмалар олинмаган. Лекин шифохонани ўзида расман рухсат этилмаган экспресс лаборатория текширувлари ўтказилган. Шу сабабли мен тўлиқ айта оламанки, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида Коронавирус билан касалланган беморлар бўлмаган.
Шу ўринда айтиш керак, марҳум Рустамовни бу шифохонага бориб қолиши ҳам, бош шифокор Гулжаҳон Тоировна томонидан қўйилган энг катта хато деб ҳисоблайман.
Ф.Н.: — Гулжаҳон Тоировна ва Фаррух Рустамовнинг ораларида қандайдир келишмовчилик бўлганми?
Н.А.: — Мен ўзаро келишмовчилик бўлмаган, деб айта олмайман. Биласизми, Рустамовнинг руҳий ҳолати ёмонлиги аниқланганда, у юборилаётган шифохона беморни қабул қилишга тайёрми, деган савол қўйилиши керак эди. Бош шифокорнинг биринчи хатоси у Коронавирус билан касалланган беморни, провизор шифохонага қабул қилгани эди. Иккинчи хатоси эса, беморни Руҳий асаб касалликлари диспансерига кўчириш бўлган. Агар бемор руҳий касалликка чалинган бўлганда ҳам, мутахассисларни жалб қилиш йўли билан, консилиумлар ўтказиб, уни кўрикдан ўтказиш зарур эди. Сўров жараёнида менга беморнинг суратини кўрсатишди. Биласизми, беморни суратидан унда руҳий касаллик бўлганми ё йўқ, буни айтиш жуда қийин. Бу ҳақда, албатта, ўз фикримни билдириб ўтдим. Яна сўзимни қайтараман унда бу каби руҳий зўриқишлар аниқланган тақдирда ҳам, тинчлантирувчи дорилар орқали аҳволини яхшилаб туриш имкони бор эди.
Оғир аҳволда экани сабабли Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказиш керак бўлганда ҳам, юқори турувчи ташкилотларга айтиб, битта хонани керакли кислород аппаратлари билан жиҳозлаш мумким эди. Гулжаҳон Тоировна марҳумни нафақат диспансерга ўтказиб нотўғри иш қилган, балки Руҳий асаб касалликлари диспансерида даволанаётган 120 га яқин бемор ва ходимларнинг ҳаётини хавф остига қўйган.
Ф.Н.: — Гулжаҳон Йўлдошева видеомурожаат билан чиққан ва унда шифохонада зарур дори воситалари йўқлиги, керакли ускуналар билан таъминланмаганини иддао қилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ССБга мурожаат қилишгани ва мурожаатлар жавобсиз қолгани айтилган. Мурожаатлар ариза орқали амалга оширилади, бу аризалар борми?
Н.А.: — Хатни юқори турувчи ташкилотга ёзишдан аввал, ССБ нималар қилиб бериши керак ва нималарни ўзимиз қилишимиз лозим деган савол бўлиши керак. Агар қабул бўлимида ходим бўлмаса ҳам Гулжаҳон Тоировна, бу бўлимда ходим йўқлиги ва бўлим ишини тўхтатиши ёзилган хат билан чиқади. Йиллар давомида таъмирланмаган шифохона 2009 йил вилоят ҳокимлиги томонидан 100 миллион пул ажратиб жорий таъмирдан чиқарилган.
Ижтимоий тармоқдаги чиқишларида Гулжаҳон Тоировна вилоят бош инфекционист деб айтилди. Бугун айтишим керак, мана шу Ҳурматли бош инфекционист Юқумли касалликларга зарур бўладиган дориларнинг йиллик эҳтиёжини ишлаб чиқишда, умуман келиб қатнашмайди. Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида йиғилишлар, видеоконференциялар бўлади. Гулжаҳон Йўлдошева эса буларнинг бирортасида қатнашмайди. Мисол тариқасида айтишим мумкинки, вирусга қарши ишлатиладиган дори воситалари бор. Бу дориларни тақсимлаш жараёнида бош мутахассисларни таклиф этамиз ва шифохона сиғимига қараб уларни тақсимлаймиз. Биз айнан шу каби тақсимлаш жараёнига Гулжаҳон Йўлдошевани таклиф этганимизда қатнашмагандилар, орадан бир оз вақт ўтиб эса, уларга берилмаганини айтиб жанжал кўтардилар. Уларга кераклигини тушунган ҳолда ҳайъат қарори билан дориларни олиб бердик. Лекин биз олиб берган доримизни беморларга ишлатмасдан, муддатини ўтказиб, 87 млн бюджет пулига зарар етказди.
Ф.Н.: — Бу қачон бўлган?
Н.А.: — Бу 2019 йил август ойида бўлган воқеа
Ф.Н.: — Нима сабабдан чора кўрилмайди?
Н.А.: — Бу иш юзасидан ички аудит текширувидан кейин ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилди. Вилоят муассаса раҳбарлари вазирлик ваколатида бўлганлари учун, чора кўриш вазирлик зиммасида бўлади. Биз керакли маълумотларни вазирликка тақдим қилдик.
Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб ҳам бир нарсани айтишим мумкин, Вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида 90 млнлик антибиотиклар бор. Шу дорини муддати тугашига 20 кун вақт қолди, лекин шу шифохонадан бирорта масъул айтмайди дорилар муддати ўтаётганини. Ҳозирги кунда бу каби дорилар жуда ҳам зарур.
Ф.Н.: — Прокуратура ўтказаётган тергов жараёнида 205 млндан ортиқ пул талон-тарож қилингани аниқланган. Ҳали тергов тугамаган ва бу сумма кўпайиши ҳам мумкин. Бу пуллар талон-тарож қилинганидан ССБнинг хабари бўлгами ёки терговда билдингизми?
Н.А.: — Тизимимизда молиявий ҳолатларни даврий равишда ўрганувчи ички аудит бўлади. Тўғрилаш мумкин бўлган камчиликлар юзасидан тавсиялар беришади. Агар пуллар ноқонуний, мақсадсиз ишлатиб юборилган бўлса, бу иш юзасидан прокуратурага текширув учун ҳужжат тақдим этилади.
Кези келганда қайта айтиб ўтаман, провизор шифохона бўлиб ишлаш жараёнида 17 мартдан то июль ойининг ярмига қадар, бош шифокор Гулжаҳон Тоировна бирор марта шифохонага келмаганлар. Балки айрим кунлари келган бўлишлари мумкин, лекин ташқаридан назорат қилинган. Бизда ҳужжатлар ҳам бор айнан шу кундан бошлаб вилоят юқумли касалликлар шифохонаси провизор шифохона бўлган. Бош шифокор ҳам 17 мартдан бошлаб келмаган.
Энг қизиғи, ичкарига кириб ҳолатни бошқармасдан туриб, Президентимиз томонидан берилаётган 6% қўшимча маошни ҳам олган. Аниқ кунини айтолмайман, лекин июль ойининг ўрталаридан бошлаб шифохонага кирди. Ишхонага келмасдан вазиятни билмасдан туриб, шифохонада нималар бор, нималар ортиқчалигини билмасдан турли чиқишлар қилган.
Ф.Н.: — Бир неча ой ишга келмаган деяпсиз. Наҳотки бирорта ходим уни келмаганини айтмаган бўлса, ёки бош шифокордан қўрқишадими?
Н.А.: — Йўқ. Эпидемиологик ҳолат сабаб биздан ҳам айб ўтгандир, бироз назоратни бой бердик. Шифокор кимнидир вакил қилиб қолдиради, бирор нарса керак бўлса, ўша вакил бизга мурожаат қилади. Биз эса табиийки, бош шифокор қаерда эканини сўраймиз. Вакил бош шифокор иш билан юргани ёки фарзандининг тоби йўқлигини айтади. Шундай бўлса ҳам шифохонага керакли анжомлар берилади. Лекин вазиятни билиш мақсадида бош шифокорга қўнғироқ қилганимизда, шифохонага нимадир кераклигидан бехабар экканликлари, ҳеч ким уларга айтмаганини, бориб вазиятни назоратга олишларини айтадилар.
Мана шу каби вазиятлар ортидан биз ўз хулосаларимизни вазирликка берганмиз ва улар ҳозир ўрганишяпти.
Ф.Н.: — Фаррух Рустамовни карантин зонасидаги 14 кунлик фаолиятидан кейин, оғир аҳволда уйга қайтганини биламиз. Бу қанчалик тўғри? Шифокорлар карантин зонасидан тўғри уйга қайтишяптими?
Н.А.: — Тартиб бўйича муддат тугагандан сўнг, ҳар бир шифокор ўзини қандай ҳис қилаётгани сўралади. Агар СOVID-19 касаллиги аниқланса ҳам, клиник белгилари бўлмаса бемалол уйда даволанса бўлади. Рустамов ҳам аҳволи оғирлигини билиб, анализ жавоблари чиққунига қадар провизор бўлимга ётқизилиши керак эди. Бу биз шифокорларнинг ўзимизга нисбатан масъулиятсизлигимиз деб айтишим мумкин. Карантин зонасидан уйига қайтганида тоби йўқлигини маҳаллий поликлиникаларга айтиши керак эди.
Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси