Шифокорларнинг ойлиги ўртача 6 млн бўлиши мумкин эди, агар...
Жамият
−
25 Декабрь 2019
41311“Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология маркази Бош ҳисобчисининг маълумоти – ўрта махсус. Олий эмас. Бу мумкинми? Шундай катта институтга, шундай айланмага бошқа топилмадими? Пойтахт Тошкентда шундай катта ташкилотда қандай иқлиб ўрта махсус маълумотли ҳисобчини ушлаб ўтирибсиз? Турмуш ўртоғи вазирликда ишлайди, оиласи эса... Қандай тушуниш керак буни? Кадрлар бошқармаси бошлиғи менга буни тушунтириб берсин”, дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга юзланиб.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида соҳадаги уруғ-аймоқчилик ва бу орқали давлат маблағларини талон-тарож қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Бош прокурорнинг таъкидлашича, Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказининг 2019 йилги бюджети 28 млрд сўмни ташкил этиб, 31,3 млрд сўм харажат қилиниши ва йиллик молиявий фаолият 3,2 млрд сўм зарар билан якунланиши прогноз қилинган. Ходимларнинг ўртача ойлиги 1,2 млн сўмни ташкил қилган.
Бундан ташқари, Марказ биносининг реконструкциясига бюджетдан 5,9 млрд сўм молиялаштирилган.
“Агар, 15,3 млрд сўм маблағ талон-торож қилинмасдан, муассасага кирим қилинганида ҳамда Марказда ўтказилган хронометражда қўшимча аниқланган кунлик 25 млн сўм тушум тўлиқ ҳисобга олинганда, Марказ бюджети 22,6 млрд сўмга ортиб, 50,6 млрд сўмга етган бўлар эди.
Бу эса, ходимлар ойлигини 5 баравар ошириб, ўртача 6 млн сўмга етказиш, Марказ биносининг 5,9 млрд сўмлик реконструкциясини ўз ҳисобидан амалга ошириш ҳамда йилни 9 млрд сўм соф фойда билан якунлаш имконини берар эди”, дейди Бош прокурор.
Маълумот ўрнида, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида 92 та штат бирлигида 152 нафар шифокор ва 162 та штат бирлигида 219 нафар ҳамшира ишлаб келмоқда.
LiveБарчаси