“Шайтанат”дан реклама ўрнида фойдаланган шахс жавобгарликка тортилди

Жамият

image_2020-06-12_13-31-49

Ош маҳсулотини тайёрлаш ва етказиш билан шуғулланувчи тадбиркор "Шайтанат" фильмидаги парча овоздан ўз реклама ролигида фойдалангани сабабли жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, тадбиркор ош маҳсулотини реклама қилиш мақсадида "Шайтанат" киноасари қаҳрамонлари овозларини харидор ва буюртмачиларни жалб қилиш учун монтаж қилиб, киноасар қаҳрамони тилидан буюртмачи Б.М.нинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ҳамда ош маҳсулотини харид қилишга чақирувчи видео-ролик тайёрланиб, Telegram ижтимоий тармоғига муаллиф розилигисиз жойлаштирилади. "Шайтанат" киноасари асосида ноқонуний тайёрланган реклама таъсирида мухлислар маҳсулотга буюртма бера бошлашади.

Натижада "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонун талаблари жиддий равишда бузилишига сабаб бўлади. Қонунга биноан фақатгина муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўлиб, юридик ва жисмоний шахслар асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган.

Мазкур ҳуқуқбузарликдан хабар топгандан сўнг асар муаллифи мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги, унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилганлиги ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир-чораларни кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат этади.

Агентликнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими томонидан баённома тузилиб, тегишли суд инстанцияси томонидан ҳуқуқбузар киноасардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1771-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шайтанат Муаллифлик ҳуқуқи

Баҳолаганлар

652

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг