Ортиқхўжаевнинг ўринбосари Yandex Taxi`ни ёпишни таклиф қиляпти (видео)
Жамият
−
19 Сентябрь 2019
28543Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хотамбек Шокиров Тошкентда Yandex Taxi фаолиятини тўхтатиб, такси хизматини кўрсатувчи маҳаллий корхона ташкил этиш ва киракашлар фаолиятини легаллаштириш таклифини киритди. Бу ҳақда у кеча, 18 сентябрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълум қилди.
“Бугунги кунда республикамиз ҳудудида 10 мингдан ортиқ, шу жумладан Тошкент шаҳрида 50 мингга яқин фуқаролар норасмий киракашлик билан шуғулланади. Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, Yandex Taxi, Millenium ва шунга ўхшаган мобиль иловалар орқали такси хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунда мана шу фаолиятлар ноқонуний ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг фаолиятини тўхтатишимиз керак, ёпишимиз керак. Бу масала ҳали ҳам очиқ турибди”, дейди ҳоким ўринбосари.
У сўзида давом этаркан, такси хизматини кўрсатаётган ширкатлар фоалиятини тўхтатиш ўрнига, бошқа таклифни ўртага ташлади:
“Бизнинг позициямиз шундай бўляптики, буларнинг фаолиятини тўхтатиш керак эмас, буни легаллаштириш керак. Бунда биз икки-учта нарсага норози бўляпмиз.
Биринчидан, Yandex Taxi`нинг сервери хорижда жойлашган. Бизнинг шахсий маълумотларимиз, ким қаерга боргани у ерда кўриниб туради. Сервер Тошкентда бўлиши керак.
Иккинчидан, унга аъзо бўлган автомобиль эгаларининг лицензияси, автомобилни ижарага нотариус орқали топшириши керак. Автомобиль экипажи сифатида ўзи ҳам корхонада ишлаши керак”.
Ҳоким ўринбосари маърузасини давом эттириб, Yandex Taxi каби лойиҳаларни маҳаллийлаштириш ва Ўзбекистон қонунчилигига мос шаклда ишлаб чиқиш учун бир неча тадбиркорлар ҳозиру нозир бўлиб турганини айтди.
“Биз Yandex Taxi`га ўхшаган ўзбек миллий агрегаторларини ташкил қилиш таклифини бергандик. Агар бу қонунчиликда ўзининг аксини топса, бундай ташаббускорлар жуда кўп. Ҳайдовчи аъзо бўлади. Аъзо бўлган вақтда автомобили кўрикдан ўтказилади. Автомобилнинг йилига, русумига, ҳолатига баҳо берилади. Агар лозим топилса, аъзо қилинади. Аъзо қилингандан кейин, уни сариққа бўяшнинг ҳожати йўқ. Ёрлиқ олиб ёпиштиради. Ана шундай кейин унинг мобиль иловасига дастур ўрнатилади”.
Хўш, такси ҳайдовчиларининг саломатлиги-чи? Бу ерда солиқ, маҳаллийлаштиришданда долзарброқ инсон саломатлиги ётибди. Боиси, такси ҳайдовчиси фақатгина ўзининг эмас, бир неча кишининг саломатлиги, таъбир жоиз бўлса ҳаётига масъул бўлади. Улар тиббий кўрикдан ўтадими? Ҳоким ўринбосари бу саволга қуйидагича аниқлик киритади:
“Бу ерда бир муаммо кўтариладики, у эрталаб йўловчи ташишга чиқса, унинг соғлиғига ким жавоб беради? Ҳар куни тиббий кўрикдан ўтиши керакми? Ҳозир ҳам ҳеч ким тиббий кўрикдан ўтаётгани йўқ. “Справка” қандай аҳволдалигини ўзимиз биламиз.
Бу масаланинг ҳам техник ечими бор. Шундай имкониятлар борки, ҳар бир АЁҚШга IP-камера ўрнатилиши мумкин. Ҳайдовчи эрталаб ишга чиқишдан аввал, камеранинг ёнига бориб, кўзи билан тик қарайди. “Пуск” тугмасини босади, кўзининг қорачиғидан унинг кимлиги аниқланади. Қон босими қанчалиги ва саломатлиги тўғрисида 80% маълумотни олиш мумкин бўлади. Агар мана шундан ўтолса, унинг дастури ишга тушади”.
Хотамбек Шокиров мазкур масала юзасидан фикрларини якунларкан, агар мана шу тажриба Ўзбекистонда йўлга қўйилгудек бўлса, йилига 430 миллиард сўм қўшимча солиқ ундириш мумкин бўлишини таъкидлади.